Риштон туманида ноёб гул навларини етиштиришга ихтисослашган оилавий корхона фаолият юритмоқда
Риштон туманидаги «Чек Насриддин» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Юрсунали Аҳмедов оиласи бугун гулчилик билан шуғулланувчи машҳур сулола сифатида танилган. Айни пайтда ушбу хонадон аъзолари Нидерландия, Хитой ва Таиланд давлатларидан олиб келинган кўп йиллик, ноёб гул навларини парваришлаб, аҳоли хонадонлари, корхона-ташкилотлар ҳамда ободонлаштириш соҳаси ходимларига етказиб бериб келмоқда.
Хонадонда қиш мавсуми бўлишига қарамай, жаҳон бозорида машҳур бўлган Нидерландия лолалари, «агланема» гули, Хитой бамбуги, Таиланддан келтирилган ўзига хос безакли ва хушбўй ифор таратувчи 20 турдан ортиқ гул навлари парваришланмоқда. Баҳор фаслининг энг тиғиз мавсумида эса гулчилар оиласи 150 турдан зиёд гулларни етиштириш ва мижозларга етказиб бериш имкониятига эга.

Янги истиқболли бизнес-режага мувофиқ, хонадон томорқасида гидропоника усулида замонавий, мўъжаз иссиқхона барпо этиш ҳамда бир йиллик маҳаллий атиргуллар етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу орқали маҳаллада гулчиликни асосий драйвер соҳалардан бирига айлантириш мақсад қилинган. Айни пайтда атроф-муҳитдаги қўшнилар ҳам мазкур тажрибани қизиқиш билан ўрганиб, томорқаларидан самарали фойдаланиш орқали оила фаровонлиги ва доимий даромад манбаини оширишга муваффақ бўлмоқдалар.
— Гулчилик жуда нозик ва сабр-тоқат талаб қиладиган соҳа, ҳар бир гулга алоҳида меҳр ва эътибор керак, — дейди оила бекаси Умида Аҳмедова. — Шу боис кичик кўчатлигидан парваришланган ҳар бир гул биз учун худди фарзанддек қадрли. Ҳар куни эрта тонгдан келиним билан бирга гулларнинг ўсиши, очилиш мавсуми, гуллаш жараёни каби жиҳатларига алоҳида эътибор қаратамиз. Чунки гуллар соғлом ўсиши, чиройли гуллаши ва доим хушбўй ифор таратиши учун ҳар бирига индивидуал ёндашув талаб этилади.

Қува туманидан Риштонга келин бўлиб тушгач, Умида Аҳмедова болаликдан орттирган гулчилик тажрибасига таянган ҳолда маҳаллада ушбу тармоқни ривожлантиришга астойдил ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги кунда маҳалладаги бир неча қўни-қўшнилар томорқасида ҳам бир йиллик атиргуллар етиштириш йўлга қўйилган.
Айтиш жоизки, гулчилик бу ерда шунчаки хобби эмас, балки юқори даромад келтирадиган самарали бизнесга айланган. Хонадонда парваришланаётган айрим ноёб гулларнинг бир донаси ўртача 500 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача баҳоланади. Харидорлар сони кўп бўлгани боис буюртмалар узлуксиз қабул қилинади. Юртимизнинг қулай табиий-иқлим шароити эса дунёнинг исталган бурчагидан олиб келинган гул кўчатларининг маҳаллий муҳитга тез мослашишига хизмат қилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бугунги кунда «Чек Насриддин» маҳалласида 723 та хонадонда қарийб 3 800 нафар аҳоли истиқомат қилади. Деҳқончилик ва томорқачилик маҳалланинг асосий иқтисодий драйвери сифатида белгиланган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг