RAVON кетма-кет тўртинчи ой ҳам Россия бозорида бирорта автомобиль сота олмади

16:56 04 Октябр 2018 Иқтисодиёт
9332 0
Фото: Livejournal

GM Uzbekistan компаниясининг Россия бозоридаги савдо маркаси RAVON автомобиль бренди Россияда 2018 йил сентябрь ойида бирорта ҳам автомобиль сота олмади. Бу ҳақда Европа бизнеси Ассоциацияси автомобиль ишлаб чиқарувчилари қўмитасининг янги ҳисоботида қайд қилинган.

Ҳисоботда қайд қилинишича, энг кўп сотилган янги енгил автомашиналар асосан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига тўғри келади. Шу билан бирга, 2018 йил сентябрь ойида автомобиллар савдосининг 6,2 фоизга ўсиши кузатилган. 2017 йилнинг шу даврига таққосланганда 9 162 дона автомобиль кўпроқ сотилган, жами 157 371тани ташкил этган. Умуман, 2018 йилнинг январь – сентябрь ойларида жами Россия бозорида жами 1 297 432 дона автомобиль сотилган.

Бироқ Ўзбекистоннинг RAVON бренди Россия автобозорида ўз ўрнини йўқотишда давом этмоқда. Корхона кетма-кет тўртинчи ойдирки умуман автомобиль сота олмай келмоқда. Ўтган йилнинг шу ойида компания Россияда 1 602 дона автомобиль сотишга муваффақ бўлган ва бу борада Россия бозорида кучли 20таликка кира олганди, 2018 йилнинг илк 5 ойи мобайнида жами 5 184та RAVON брендидаги машиналар сотилган эди.

Таққослаш учун, сентябрь ойида Россия бозорларида Lada 31 173, KIA 18 911, Hyundai 16 100 дона автомобилларини сотишга муваффақ бўлган.

Эслатиб ўтамиз, RAVON июнь, июль ва август ойида ҳам Россия бозорида бирорта автомобиль сота олмаганди. Шунга қарамай, компания июль ойи сўнгида Россия бозори учун чиқарилган автомобиллари нархини кескин оширганди.

“Ўзавтосаноат“ раҳбари Шавкат Умурзоқов яқинда берган интервьюсида GM Uzbekistan автомобилларининг Россияга экспорт қилиниши фақат зарар келтираётгани ҳақида гапирганди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер