Расмийлар ижтимоий тармоқларда тарқалган Давлат тест маркази ҳақидаги хабарларни тасдиқлади
Фото: Иллюстратив cурат
Ижтимоий тармоқларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази негизида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ташкил этилиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳақда расмий маълумотларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати тақдим этди.
Давлат тест маркази матбуот хизмати ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.
— Чиндан ҳам Президент Фармони билан Давлат тест маркази фаолияти тугатилди. Унинг ўрнига 2023 йил 1 январдан «Билим ва малакаларни баҳолаш» агентлиги ўз ишини бошлайди. Ушбу агентлик Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги негизида Олий таълим фан ва инновациялар вазирлигига қарашли ташкилотга айланади.
Ҳозирда «Билим ва малакаларни баҳолаш» агентлигининг ишлаш механизмини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари кўриб чиқмоқда. Бу ҳақида бизда бошқа маълумотлар йўқ, — деди ДТМ матбуот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Олий аттестация комиссияси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таркибига ўтказилиши ҳақидаги расмий маълумотларни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати тақдим этди.

Маълум қилинишича, Президентнинг 2022 йил 21 декабрдаги «Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги негизида 2023 йил 1 январдан бошлаб Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташкил этилади.
Унга кўра, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Олий аттестация комиссияси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги таркибига ўтказилди.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ва Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси тугатилиб, вазифа ва функциялари тегишинча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги орасида тақсимланади.
— Бу ҳақида бизда ҳам қўшимча маълумотлар мавжуд эмас. Кейинги янгиликлар янги йилдан кейин маълум бўлади, — деди Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати ходими.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг