Рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлоди тайёрланади
Республика Олий таълим кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Онлайн форматда ташкил этилган ушбу йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, олий ўқув юртлари ректорлари, кенгаш аъзолари, академиклар, шунингдек, фаол ёшлар вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, кейинги пайтда мамлакатимиз таълим тизими ислоҳ қилиниб, сифат ўзгаришларига мустаҳкам асос яратилмоқда. Бундан кўзланган мақсад ёшларнинг иқтидори ва салоҳиятини тўғри йўналтириш орқали рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлашдир. Бу борадаги ишлар натижаси ҳозирданоқ кўзга ташлана бошлагани, айниқса, қувонарлидир. Айтайлик, охирги тўрт йилда қабул параметрлари 2,5 баробар ўсиб, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга етди.
Республика Олий таълим кенгаши раиси Ўктам Умурзоқов Кенгашнинг 2020 йилдаги фаолияти бўйича тақдим этган ҳисоботида қўлга киритилаётган шу каби муваффақиятларни эътироф этгани ҳолда, ҳали олдинда бажарилиши лозим бўлган ишлар кўплигига урғу берди.

— 2019 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида интеллектуал тараққиётни жадаллаштириш бўйича барча йўналишлар қамраб олинган, — дейди иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Ў. Умурзоқов. — Аммо устувор вазифалар ижросида кўзда тутилган муддатни кутиб ўтириш шарт эмас. Олдимизга меҳнат бозорида талаб юқори бўлган сифатли кадрлар тайёрлаш бош мақсад қилиб қўйилган экан, демак, таълим, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этишимиз, зарур чора-тадбирларни кучайтиришимиз шарт. Масалан, амалиётга рақамли технологияларни қўллаш, рақамли университетни амалга оширишнинг айни вақти ҳозир. Қолаверса, илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш ҳам кечиктириб бўлмайдиган долзарб масалалар сирасига киради. Бироқ бунинг учун тадқиқотлар натижалари — хоҳ у инновацион ишланма бўлсин, хоҳ у янги технология, аввало, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммолар ечимига, ҳудудлар ривожига хизмат қилиши лозим.
Дарҳақиқат, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш бу борада кенг имкониятлар эшигини очади. Шунинг учун бугун олий ўқув юртлари ва пахта-тўқимачилик кластерлари ўртасида ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланяпти. Бу эса томонлар учун бирдек манфаатлидир.
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раиси Муртазо Раҳматов кластерлар томонидан хорижий давлатлардан олиб келинаётган энг замонавий техника, ускуна ва жиҳозларнинг 10 фоизини олий ўқув юртларига ажратиш ташаббусини илгари сурмоқда.
— Ана шунда бўлғуси мутахассислар қўлига диплом олиб, ишга келганда, шошиб қолмайди, — дейди иқтисодиёт фанлари доктори, сенатор М. Раҳматов. — Уларни қайта тайёрлаш, малакасини оширишга эса ҳожат қолмайди. Чунки талабалар ўқиш давомида четдан келтирилаётган техникалар билан яқиндан танишиб, уларни ишлатиш, ишдан чиқса, созлашни ўзлаштириб олишади.
Талаба-ёшларга биз яна бир қулайлик яратмоқчимиз. Яъни амалиёт ўташлари учун хориждагидан кам бўлмаган даражада ётоқ жой ва бошқа ташкилий шарт-шароит ҳозирлаб берамиз. Энг муҳими, амалиётга келган вақтида худди корхона ишчи-ходимларига тўланганидек ойлик маош берилади. Бу янгиликни дастлаб Бухородаги “BCT Cluster” пахта-тўқимачилик кластерида амалга оширишни режалаштирганмиз.
Йиғилишда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш ҳақида ҳам сўз юритилди. Хусусан, чет эллик юқори малакали профессор-ўқитувчиларни кўпроқ жалб қилиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, ёшлар билан ишлашда янги услуб ва методологиялардан фойдаланиш бугунги замон талаби эканлиги айтиб ўтилди.

— Гап ёшлар иқтидорини юзага чиқариш, уларнинг вақтини мазмунли ўтказиш ҳақида кетганда, давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшлари форумида берган топшириғи асосида университетимизда Ёшлар ассоциацияси ташкил этилганини алоҳида таъкидлашни истардим, — дейди Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродов. — Биз дунёнинг етакчи университетларидаги ёшлар клубларининг тажрибасини ҳар томонлама ўрганган ҳолда, ушбу янги тузилманинг вазифаларини деярли ишлаб чиқиб бўлдик. Унга кўра, талабалар билан ишлашда тамомила янгича усуллар қўлланилади. Яъни университетда ёшлар ҳам таълим олади, ҳам ҳам ўқишдан кейинги вақтини мазмунли ўтказади. Қисқаси, биз ёшлар соат 9.00 дан то 19.00 гача бўлган вақт оралиғида ўз устида ишлашлари учун қулай шарт-шароит яратиб берамиз. Бунда қоғозбозликдан бутунлай холи бўлган ўта қизиқарли лойиҳалар, самарали дастурларни амалга оширишни режалаштирганмиз.
Йиғилишда миллий олий таълим муассасалари нуфузини ошириш, уларни халқаро рейтингларга киритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Якунда Республика Олий таълим кенгашининг галдаги вазифалари белгилаб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг