Рақобатбардош кадрлар тайёрлаш — бош мезон

09:04 11 Май 2021 Жамият
626 0

Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрнига эга бўлишида юксак салоҳиятли кадрлар масаласи муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада замонавий билим ва юксак маънавий-аҳлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Айни жараёнда мамлакатимиз олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Концепция олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиқиб, фан, таълим ва ишлаб чиқариш тармоқларининг ўзаро интеграциясини таъминлаш имконини беради. Ўз навбатида концепция рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.

Концепция олий таълимни ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари, вазифалари, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган истиқболдаги режаларини белгилайди ҳамда соҳага оид дастурлар, комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Миллий юридик таълимни ривожлантириш бўйича ҳам ўқув-педагогик жараёнга инновацион ғояларга асосланган халқаро таълим стандартларини жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ва профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш борасида бир қатор эзгу ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилди. Натижада юридик таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ижобий натижаларга эришилди.

Миллий юридик таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, уларнинг халқаро таълимдаги рақобатбардошлигини таъминлаш, юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш бугунги куннинг устувор вазифалари сирасига киритилган. Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаa«ги Фармони айн соҳадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаради.

Бу ҳуқуқий ҳужжат миллий таълим халқаро стандартлар даражасига тенглашиши, рақобатбардош юридик кадрлар тайёрлаш ҳамда нуфузли хорижий юридик олийгоҳлар билан академик алмашинув ва қўшма илмий тадқиқотлар ўтказишга катта имкониятлар очиб беради.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз тараққиётининг бугунги босқичида барча соҳаларда рақобатбардош кадрларни тайёрлаш энг муҳим устувор вазифа эканлигини асло унутмаслигимиз зарур.

Азизбек ЭРГАШEВ,
Фарғона юридик техникуми кадрлар бўлими бошлиғи,
III-даражали юрист.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер