Рақобат муҳитини ривожлантириш бўйича тажриба алмашилди
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ)га аъзо давлатларнинг монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашининг 57-мажлиси бўлиб ўтди. Йиғилишни Кенгаш раиси Максим Шаскольский ҳамда Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилулло Тўрахўжаев очиб берди.
Анжуманда МДҲга аъзо давлатлар делегациялари рақобат муҳитини ривожлантириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли бозорларни тартибга солиш каби масалаларни муҳокама қилди.
Йиғилиш кун тартиби доирасида аввалги мажлис қарорларининг бажарилиши, МДҲга аъзо давлатларда рақобат сиёсатининг асосий жиҳатлари ҳамда қонун бузилишининг олдини олиш бўйича ҳисобот кўриб чиқилди.
Монополияга қарши сиёсат бўйича давлатлараро кенгашнинг 57-мажлисида Тожикистон, Беларусь, Қирғизистон ва Россия давлатларининг делегациялари ўз маърузаларини тақдим этди.
Делегация вакиллари рақобат сиёсатини ривожлантириш бўйича мамлакатларида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритиб, монополияга қарши бошқарувдаги ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Замонавий рақамли иқтисодиёт шароитида янги ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
МДҲ давлатларининг рақобатни ҳимоя қилиш ва адолатли бозор муҳитини яратиш йўлида биргаликда амалга оширилаётган ҳаракатлари минтақада иқтисодий барқарорлик ва ривожланишни таъминлаш учун муҳим экани қайд этилди.
Тадбир давомида делегация вакилларига Кенгаш мукофотлари топширилди. Бу рақобат сиёсатини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва антимонопол масалаларни самарали ҳал этишдаги эришилган ютуқлар эътирофи бўлди.
Икки кунлик халқаро анжуманлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилулло Тўрахўжаев МДҲга аъзо давлатлар монополияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Ушбу тадбир МДҲ давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни, минтақанинг ҳуқуқий ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг