Рақобат бор жойда ривожланиш бўлади
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида макроиқтисодий кўрсаткичларимиз барқарор ўсиб бормоқда. Жумладан, 2019 йил якуни бўйича ялпи ички маҳсулот ҳажми ўтган йилга нисбатан 5,6 фоизга ўсиб, 511,8 трлн.сўмни, аҳолининг реал даромадлари 6,5 фоизга ўсиб, 344,7 трлн. сўмни, ташқи савдо айланмаси 26,2 фоизга ўсиб, 42,2 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.
Ҳозирги шароитда мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, жаҳонда ўзаро фойдали ҳамкорликни кенгайтириш учун жаҳон иқтисодиётида муносиб ўринни эгаллаш зарур ва бунинг учун албатта иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш масаласи устувор аҳамият касб этади.
Демак, рақобатбардошлик муҳитини ҳимоялаш бу мамлакатда иқтисодий жараёнларни ҳимоялашнинг энг аҳамиятли элементларидан биридир. Умуман олганда, рақобатбардошликни қўллаб-қувватлаш ёки унинг чекланиши билан курашиш, ўз навбатида монополияга қарши муросасиз курашишни акс эттиради.
Рақобат асосий иқтисодий жараёнларни тартибга солиш, моддий неъматларни тақсимлаш, истеъмолчиларнинг манфаатларини қаноатлантиришнинг оқилона воситасидир. Рақобат зарур даражада ўзини-ўзи тартибга солишга қодир эмас. Шу сабабли бозор оқилона фаолият кўрсатиши учун рақобат шароитларида мавжуд муносабатларни махсус қонун билан тартибга солишни талаб этади. Рақобат ҳамма учун, ҳамма жойда керакдир.
Бизга маълумки, рақобат бўлмаса, интилиш, ривожланиш бўлмайди. Рақобат иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ўз манфаатларини тўлароқ юзага чиқариш, яъни яхши даромад топиш, ўз мавқеини мустаҳкамлаш, ўз қобилиятини намоён этиш учун бошқалар билан курашишдир.
Одатда ривожланган давлатларда товарларни муайян тартибда ва шаклда реализация қилишнинг ҳеч қандай талаби мавжуд эмас. Нимани, қаерда, кимдан ва қандай баҳода сотиб олишни фақат истеъмолчи ўзининг хоҳиши ва тўловга қобилиятлилигига қараб ўзи белгилайди. Рақобат ривожланган сари одамларнинг турмуш даражаси яхшиланиб боради, рақобатнинг йўқ қилиниши эса иқтисодиётни инқирозга ҳамда одамларнинг турмуш даражасининг тушиб кетишига олиб келади. Фақатгина рақобат воситасида нархи арзон ва сифати юқори бўлган товарлар ишлаб чиқилади ҳамда реализация қилинади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 28 май куни бўлиб ўтган йиғилишда иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифаларга эътибор қаратилди.
Энди асосий эътиборни нархларни белгилашга эмас, балки корхоналар ўртасида соғлом рақобатни таъминлаш орқали, нархларни пасайтиришга ва сифатни оширишга қаратишимиз керак. Халқаро тажрибани ўрганиб, рақобатни олиб кириш мумкин бўлган монополия соҳаларига хусусий сектор учун йўл очиш ва шу орқали рақобат муҳитини шакллантириш лозим. Бу борада табиий монополия ва рақобат тўғрисидаги қонунларни янгилаш ҳамда Иқтисодиётда рақобат муҳитини шакллантириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда.
Эндиликда, давлат иштирокидаги корхоналарда монополияга қарши комплаенс тизимини жорий этиш, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан барча раҳбарларни рақобат асослари ва комплаенс бўйича ўқитиш тизими яратилади.
Ҳозирги кунда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатларини кенгайтириш давр талабидир.
Таъкидлаш жоиз, Президентимиз раислигида ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг фаолияти танқид қилинди. Қўмитанинг асосий вазифаси бўлган товар ва молия бозорларида рақобат муҳити ҳолатини тизимли таҳлил қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқеини суиистеъмол қилиши, «картель» келишувлари ва тил бириктириш, инсофсиз рақобатни аниқлаш ва уларга чек қўйиш, қонун ҳужжатларининг рақобатга таъсирини баҳолаш, давлат органларининг рақобатни чекловчи қарорлар қабул қилишига ва шундай ҳаракатларни амалга оширишига йўл қўймаслик борасида амалда фаоллик кўрсатмай, фақатгина қоғозларда бажарилаётганлигини ҳисобга олиб, қўмита фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қарор лойиҳаси тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Бир сўз билан айтганда ички бозорда рақобат муҳитини таъминлаш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатдошлигини ошириш мамлакатнинг барқарор ривожланишида, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини оширишда муҳим омил бўлади.
Фарҳод ЗАЙНИЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг