Қуёшли ҳар бир кун ғанимат
Фото: «Халқ сўзи»
Об-ҳавонинг кескин ўзгариши ва кўкламнинг серёғинлиги бугун кўпчиликни, айниқса, Навоий вилоятининг қарийб олти юз нафарга яқин эҳтиёжманд оиласи вакилларини ташвишга солмоқда. Боиси, улар давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида очиқ электрон танлов орқали экин майдонларини ижарага олиб, улкан ниятлар билан қулай фурсатни кутмоқдалар.
Мазкур қарор асосида 2022 – 2025 йилларда Навоий вилояти бўйича фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли, пахта ва ғалла экинларидан қисқартирилган 19 минг 560 гектар ер майдони 0,25 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамда ижара ҳуқуқи асосида берилиши белгиланган ва ҳозирда шундан 7 минг 823 гектари очиқ электрон танловлар орқали ўз эгаларини топган.
— Бизга берилган имконият фақатгина ер майдони ажратилиши билан чегараланган эмас, — дейди Қизилтепа тумани «Бободўғи» МФЙда яшовчи Истам Орзиқулов. — Имтиёзли кредит олиш, сув, кўчат ва уруғлик, ўғит таъминоти — барча-барчасида кўмаклашиш назарда тутилган. Фақатгина сидқидилдан меҳнат қилиб, даромад олиш, ўз ҳаётимизни ўзимиз фаровонлаштириш зиммамизда қолган.
Албатта, ерни ижарага олиш фуқаронинг ҳуқуқи бўлиши билан бирга унга бир қатор бурч ва мажбуриятларни ҳам юклайди. Чунончи, ердан унумли фойдаланиш, ҳар қаричини даромад ва бандлик манбаи сифатида қадрлаш, агротехник тадбирларни оби-тобида ўтказиш, уни бошқага ижарага бериш ва сотиш ёки бошқа тарзда ўзгага ўтказишга уринмаслик, унумдорлигини сақлаш ва ошириш, ирригация ва мелиорация тизимларини соз ҳолатда сақлаш шулар жумласидандир.
— Ижарага берилган ер участкаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан тайёрланган методик қўлланма шу кунгача вилоятимиздаги ҳар бир ер ижарачиларига етказилди, — дейди Навоий вилоят судининг матбуот хизмати раҳбари Азиза Рўзиева. — Вилоят суди судья ва мутахассислари уларнинг ҳар бири билан юзма-юз мулоқот ўтказиб, ташвишга солаётган масалаларда ҳуқуқий маслаҳатлар бердилар ва амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ижарага олувчи томонидан ердан оқилона фойдаланмаслик ижара шартномасини суд орқали муддатидан олдин бекор қилишга сабаб бўлиши тушунтирилди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, мазкур тадбир тизимли равишда 2025 йилга бориб қишлоқ ҳудудларида улкан кластерлар фаолиятини йўлга қўйишни назарда тутади. Бу аграр секторда барқарорликни, ижтимоий ҳаётда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадлари рўёбига хизмат қилади.
Темур ЭШБОЕВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг