Қушлар билан тиллашаётган марғилонликлар

17:25 15 Май 2025 Жамият
335 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғонада тадбиркорлик, уддабуронликда марғилонликларнинг олдига тушадигани йўқ. Шу боис вилоятда ҳазиломуз оҳангда айтиладиган «Марғилонча манзират» деган ибора анча урфга кирган. Боиси муомаласи ширин, йўқдан бор қилиш қобилияти кучли кўҳна кент аҳли ҳар қадай соҳада биринчи бўлишга интилади.

Тадбиркорликда давр тақозоси туфайли эндиликда марғилонликларнинг ҳатто қуш тилини ҳам топаётгани эътиборга лойиқ. Гап шундаки, бугунги кунда Марғилон шаҳридаги «Туягум» МФЙ аҳли қуш боқиб, ушбу соҳани маҳалла драйверига айлантириш орқали тилга тушди.

Айни пайтда маҳалладаги аксарият хонадонларда ноёб ва нодир сайроқи қушлар парваришланади. Бу шунчаки ишқибозчилик эмас, мўмай даромад олиш ва оила фаровонлигини таъминлаш омилидир.

Неъматжон Рустамов мўъжазгина ҳовлисида 12 турга мансуб бўлган 100 га яқин қушларни боқмоқда. Хонадон соҳибининг айтишича, у боқаётган баъзи қушларнинг нархи 1,5 минг долларгача баҳоланади. Мисол учун, «Амадинка» қуши 13 кунда 6-7 тагача болалайди. Бир жуфт қуш 150 минг сўмдан сотилади. Жўжа олиш мавсуми эрта кўкламдан ноябрь ойига қадар давом этади ва ушбу оила мавсумда 1000 жуфтдан ортиқ ноёб қушларни сотади.

— Ноёб қушлар парвариши ва савдоси маҳалла драйверига айланиб улгурди, — дейди «Туягум» МФЙ раиси Шуҳратжон Холиқов. — Айни пайтда 100 дан зиёд хонадон бу ушбу юмуш билан машғул. Аммо маҳалламизда қушлар савдоси учун бозор йўқ. Аксарият қушлар пойтахт бозорларидаги иккиламчи мижозлар орқали харидорларга етказиб берилмоқда.

Шу мақсадда маҳалланинг ўзида қушлар савдоси учун ихтисослашган махсус дўкон ташкил этиш, доимий равишда қушлар кўргазмасини йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Натижада қушлар савдоси билан бирга, керакли озуқа, дармондорилар, гигиена воситалари ҳамда керакли анжомлар таъминоти ҳам йўлга қўйилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер