Қурилиш материаллари саноатидаги режалар кўриб чиқилди
Президент Шавкат Мирзиёев 14 февраль куни жорий йилда қурилиш материаллари тармоғида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Охирги уч йилда соҳага қарийб 5 миллиард доллар, шу жумладан 1,5 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритилди. Натижада ҳудудларда 13 та қурилиш материаллари ва 34 та уй-жой қуриш кластерлари ташкил қилинди, аввал мамлакатимизда ишлаб чиқарилмаган 15 турдаги янги маҳсулотлар ўзлаштирилди. Шунингдек, цемент, керамик плита, қурилиш ойнаси, пардозбоп тошга бўлган ички талабни тўлиқ таъминлай оладиган янги қувватлар яратилди. Тармоқ экспорти 2,6 баробар кўпайди.
Шу билан бирга, соҳани ҳудудлар иқтисодиётининг чинакам драйверига айлантириш учун мавжуд салоҳият ва ишга солинмаган имкониятларни рўёбга чиқариш, илғор тажриба ва технологияларни жорий қилиш, юқори технологик қувватларни барпо этишга, экспорт ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш зарур.
Тақдимотда бу борадаги режалар кўриб чиқилди.
Жумладан, жорий йилда каолиндан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспортини кўпайтириш, композит базальт мато, шиша кристаллит, қум ва ёғоч полимерли композитлар каби камида 10 турдаги янги маҳсулотни ўзлаштириш кўзда тутилган.
Соҳага Испания, Германия, Туркия, Австрия каби давлатлардан камида 10 та нуфузли брендни жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Хорижий консультантлар билан ҳамкорликда тармоқда таннархни пасайтириш, рақобатбардошликни ошириш ва янги бозорларга чиқиш учун инжиниринг марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Марказда соҳа учун муҳандис, технолог, метролог, дизайнер каби талаб юқори бўлган касблар бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилади.
Давлатимиз раҳбари ушбу таклиф ва режаларни қўллаб-қувватлаб, жорий йилда ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг