Қуйи Чирчиқ туманида қиймати қарийб 5 миллиард  сўмлик БЎСМ фойдаланишга топширилди

21:04 09 Март 2020 Спорт
2813 0

Бугун Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида болалар ва ўсмирлар спорт мактаби капитал таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Лойиҳа қиймати 4 миллиард 835 миллион сўм бўлган (шундан 3 млрд. 492 млн. сўм давлат бюджети, 1 млрд. 343 млн. сўм маҳаллий бюджет) мазкур обьектнинг ишга туширилиши натижасида бу ерда ажойиб футбол стадиони, очиқ типдаги баскетбол ва волейбол майдончалари, югуриш йўлакчаси ҳамда 12х24 м. ўлчамдаги спорт зал маҳаллий ёшлар ихтиёрига топширилди.

Эндиликда ушбу болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 12 та спорт тури бўйича тўгараклар ташкил этилиб, уларга қарийб минг нафарга яқин маҳаллий ёшларни қамраб олиш имконияти яратилди.

Табиий майсали футбол майдонининг ўлчамлари бемалол Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиб келинаётган Про-лига мусобақаларини қабул қилиш имконини беради. Майдон ҳолати ҳам идеал даражада. Шу сабаблими “Б” Про-лига иштирокчиси бўлмиш “Рубин” жамоаси ўз уй учрашувларини шу стадионда ўтказиш истагини билдирмоқда.

Қуйи Чирчиқ тумани БЎСМнинг мазкур филиали 1974 йилда қурилган бўлиб, ўз вақтида бу ерда футбол бўйича халқаро турнирлар ташкил этилган. Аммо, кейинчалик ушбу стадион ва спорт зал қаровсиз аҳволга келиб қолганди. Капитал таъмирдан кейин мажмуа замонавий кўриниш олди.

Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг очиқ баскетбол майдонида мини-футбол ва гандбол билан ҳам шуғулланиш имконияти мавжуд. Очиқ волейбол майдонини эса бадминтон спорт турига мослаштириш мумкин. Хуллас, Қуйи Чирчиқ тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби асосан спортнинг ўйин турларини ривожлантиришга ихтисослашган, десак адашмаймиз. Спорт зал эса бокс ва кураш турларига мослашган. Шунингдек, бу ерда ёғинли кунларда ҳам волейбол билан ҳам шуғулланса бўлади.

Қуйи Чирчиқ тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг тантанали очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими Акмал Холмуродов ҳамда спорт жамоатчилиги иштирок этди.

Шунингдек тадбирда, эркин кураш бўйича икки карра жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби ва Осиё чемпиони таниқли спорт устаси ҳозирги кунда мураббийлик касби билан шуғулланаётган Дилшод Мансуров ҳам сўзга чиқиб, ёш спортчиларга берилаётган бу каби эътибордан хурсандлигини қайд этди.

Тадбир якунида Қуйи чирчиқлик спортчи ёшлар йиғилганларга ўз маҳоратларини намойиш этишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер