Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига 12,4 млн долларлик иссиқлик сақловчи қурилиш материаллари экспорт қилинди

13:21 25 Январь 2023 Иқтисодиёт
521 0

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов маълум қилди.

Ҳозир кунда бутун дунёда бино ва иншоотлар инновацион, янги турдаги қурилиш материалларини қўллаш орқали сифатли, ҳар томонлама қулай, энергия тежамкор тарзда бунёд этилмоқда. Хусусан, ривожланган давлатларда сўнгги йилларда газобетон, базальт арматураси, базальт тоши ва шиша момиғидан иссиқлик сақловчи материаллари каби кўплаб энергиятежамкор қурилиш маҳсулотлардан фойдаланиляпти. Мамлакатимизда ҳам бу борада дунё тажрибаси қўлланилмоқда. Бино ва иншоотларни барпо этишда иссиқлик сақловчи материалларини қўллаш бўйича шаҳарсозлик нормалари ишлаб чиқилган.

Маълумки, Республикамизда иссиқлик сақловчи материалининг уч хили яъни базальт тоши, шиша момиғи ва пеноплекс турларидан кенг фойдаланилади.

Ушбу қурилиш материалларига бўлган талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2016 йилда мамлакатимизда 17 минг тонна иссиқлик сақловчи қурилиш материали ишлаб чиқарилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 43 минг тоннани ташкил этди. Эътиборлиси, қўшни давлатларда ҳам ушбу маҳсулотга бўлган талаб ортган. Маълумотларга кўра, 2022 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларига жами 12,4 млн долларлик иссиқлик сақловчи қурилиш материаллари экспорт қилинган.

Базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ҳақида маълумот бериб ўтсам. Ҳозирда Республикамизда 3 та базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқарувчи корхона мавжуд бўлиб, уларнинг йиллик қуввати 83 минг тоннани ташкил этади. Мазкур йўналишда энг йирик саноат корхонаси Жиззах вилоятида жойлашган бўлиб, унинг йиллик қуввати 35 минг тоннага тенг.

Нафақат маҳаллий балки жаҳон бозорини энергиятежамкор базальт хомашёсидан иссиқлик сақловчи плиталар билан таъминлаш, ушбу йўналишда янги саноат корхоналарини барпо этиш мақсадида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси, «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ ва вилоят ҳокимликлари ҳамкорлигида кўплаб йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Таҳлилларга кўра, 2022 йилда Тошкент шаҳрида йилига 30 минг тонна базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона фойдаланишга топширилди.

2023–2024 йилларда уюшма масъуллигида базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 63,1 млн доллар бўлган 3 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Лойиҳалар Андижон, Навоий ва Жиззах вилоятларида амалга оширилади. Мазкур инвестиция лойиҳалари ишга туширилгач йилига 95 минг тонна қўшимча қувват яратилади.

Хусусан, Андижон вилоятида “Everest Metal Grand” МЧЖ томонидан йилига 20 минг тонна базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Шунингдек, Навоий вилоятида йиллик қуввати 30 минг тонна бўлган "Petrowool“ МЧЖ инвестиция лойиҳаси амалга оширилса, Жиззах вилоятида ”Basalt Wool" МЧЖ томонидан қўшимча йилига 45 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини яратиш лойиҳаси ишга туширилади. Натижада корхонанинг жами йиллик ишлаб чиқариш қуввати 80 минг тоннага етказилади..

Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши натижасида жорий йилнинг ўзида Республикада базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш қуввати 178 минг тоннага етказилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер