Қўштепа туманида чарм-пойабзал йўналишида замонавий кичик саноат зонаси барпо этилмоқда

10:46 05 Февраль 2026 Жамият
297 0

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳри ҳамда унга ёндош Қўштепа ва Тошлоқ туманларида азалдан чарм-пойабзал маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган ҳунармандчилик яхши ривожланган. Ушбу ҳудудларда деярли ҳар бир оила мазкур соҳа билан шуғулланиб, тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни маҳаллий бозорларга таклиф этиб келади. Шу боис аҳоли ўртасида муайян касб ва ҳунарга ихтисослашув шаклланган.

Бозордаги талаб ва таклифни чуқур ўрганишга асосланган янгича ёндашувлар натижасида кейинги йилларда чарм-пойабзал маҳсулотлари экспорти ҳажми ҳам изчил ошиб бормоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 майдаги «Ҳудудларда микросаноат марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Қўштепа туманидаги «Нурафшон» маҳалласи ҳудудида 9 гектар майдонда чарм-пойабзал йўналишида кичик саноат зонаси барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа соҳани замонавий талаблар асосида ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.

Истиқболли ташаббус доирасида ишлаб чиқариш, маҳсулотни сифатли сақлаш ва савдо жараёнларини кластер тизими асосида ташкил этиш кўзда тутилган. Айни пайтда кичик саноат зонасининг бош режасига мувофиқ 11 та ишлаб чиқариш объекти, 2 та савдо маркази ҳамда меҳмонхона қурилиши жадал суръатларда олиб борилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 350 миллиард сўмни ташкил этиб, унинг натижасида 1500 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

— Ушбу лойиҳа орқали юзлаб оилалар доимий даромад манбаига эга бўлади, ёшлар эса касб ва ҳунар ўрганиш имкониятига эга бўлади, — дейди чарм-пойабзал йўналиши дирекцияси раҳбари Отабек Ҳакимов. — Эзгу ташаббус натижасида пойабзал ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар учун янги бозор ҳам фаолият бошлади.

Янги савдо майдони Қўштепа ва Тошлоқ туманлари ҳамда Марғилон шаҳрида пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун қулай инфратузилма сифатида хизмат қилмоқда. Бу ерда нафақат маҳсулотларни сотиш, балки янги ҳамкорлар топиш ва буюртмалар ҳажмини кенгайтириш имкониятлари ҳам мавжуд.

Айтиш жоизки, мазкур лойиҳа фақат ишлаб чиқариш ва савдо фаолияти билан чекланиб қолмайди. Мажмуа ҳудудида меҳмонхона, умумий овқатланиш шохобчалари, автотураргоҳ каби қўшимча инфратузилма объектларини барпо этиш ҳам режалаштирилган.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер