Қўшработда бешта МФЙ янги биноли бўлди
Фото: Халқ сўзи
Маҳалла институтини ривожлантириш, унинг давлат ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, одамларда мазкур тузилмага бўлган ишонч ҳиссини ошириш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳам қатор ишлар олиб борилмоқда. Вилоят маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ташаббуси ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида жорий йилнинг ўтган икки ойида 33 та МФЙнинг янги бинолари қурилиб, фойдаланишга топширилгани ушбу йўлдаги амалий саъй-ҳаракатларининг бир қисмидир.

Шулардан 5 таси куни кеча Қўшработ туманида очилди. Тумандаги «Пичот», «Мустақиллик», «Шова», «Қовунчи» ва «Намуна» маҳалла фуқаролар йиғини биноларининг очилиш маросимларида вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуроний отахону онахонлар, ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.
Бюджет маблағлари ҳисобидан бунёд этилган барча МФЙ биносида маҳалла раиси, раис ўринбосари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ва профилактика инспекторлари учун алоҳида хона ва зарур шароитлар яратилган.

— Қўшработ Самарқанд вилоятининг энг чекка туманларидан бири бўлса, бизнинг «Шова» туман марказидан олисда жойлашган маҳаллалардан ҳисобланади, — дейди «Шова» МФЙ раиси Холдор Қўшмуродов. — Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида вилоятимизда шароити оғир МФЙларга алоҳида эътибор қаратилиб, янги бинолар қуриб берилаётгани қувонарли. Шулар қаторида биз учун ҳам замонавий қулайликлар яратиб берилганидан беҳад мамнунмиз.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг