Қўшработ туманида ўқувчини калтаклаган муштумзўр аёл жазоланди
Жорий йилнинг 6 апрель куни Қўшработ туманида таълим муассасасида содир бўлган нохуш ҳолат жамоатчилик эътиборини тортди. Маълум бўлишича, туман ҳудудидаги 53-мактабда дарс жараёни вақтида бир аёл ўқитувчи ва мактаб директори кўз ўнгида ўқувчини калтаклаган.
Ҳолат таълим муассасасида тартиб-интизом ва болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласини яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Воқеа юзасидан масъуллар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, аёлнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилди.
Аниқланишича, фуқаронинг хатти-ҳаракатлари болага нисбатан зўравонлик сифатида баҳоланиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси асосида маъмурий жазо қўлланилди. Суд қарорига кўра, аёлга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари миқдорида жарима тайинланди.
Мутасаддилар томонидан бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, таълим муассасаларида болаларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа экани таъкидланди. Болага нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши қонуний жавобгарликка сабаб бўлиши яна бир бор эслатиб ўтилди.
Жамиятда болаларга нисбатан меҳр-мурувват ва ҳурмат муҳитини шакллантириш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳар бир фуқаронинг бурчи ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг