Қўшработ қирликларида «Наврўз» халқ сайли сифатида нишонланди
Шу кунларда яратиш ва яшнатиш руҳи билан яшаётган юртдошларимиз миллий қадрият ва анъаналаримизнинг ўзига хос ифодаси бўлган Наврўзи оламга ўзгача кайфият билан пешвоз чиқиб, байрамни муносиб қарши олишяпти.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 6 март куни қабул қилинган қарорига кўра, бу йилги Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари «Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!» шиори остида ўтказилмоқда.
Қўшработликлар умрбоқий байрамимизни ҳар йилгидек Бозоржой маҳалласи ҳудудидаги Қирқовул қишлоғи қир-адирлари бағрида «Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!» шиори остида халқ сайли сифатида кенг нишонлашди.

Табиат қўйнида эрта тонгдан бошланган байрам тадбирига, халқ сайлига нафақат Қўшработ тумани аҳолиси балки қўшни туманлардан ҳам юзлаб фуқаролар ташриф буюришди. Адир бағри баҳорни соғинган, кўнгиллари эзгуликка, яхшиликка эш бўлган кишилар билан тўлиб тошди.
Тадбирда сўз олганлар барчани яшариш ва янгиланиш айёми билан табриклаб, Наврўз оламнинг фалсафаси, унинг бугунги кундаги аҳамияти ва моҳияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Қўшработда амалга оширилаётган бунёдкорлик, яратувчилик ишларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Янгидан қурилиб фойдаланишга топширилаётган ижтимоий соҳа объектлари қишлоқлар кўркига-кўрк қўшаётганини, ишга туширилаётган саноат корхоналари эса аҳоли бандлигини таъминлаш, туман иқтисодиётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Эътиборлиси, бу йилги айёмнинг Рамазон ҳайити билан бирга келаётгани боис ўзининг ўлмас қадриятлари билан асрлар оша эзгуликка, яхшиликка хизмат қилиб келаётган Наврўз умумхалқ байрами меҳр-мурувват, саховат айёми сифатида ҳам яна бир бор бўй кўрсатди. Туман ҳокимлиги ва ҳомийлар ташаббуси билан ногирон ва кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олинмоқда.

Қир қўйнида ташкил этилган халқ амалий санъати ва бадиий ҳунармандчилик кўргазмалари, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва маҳаллалар томонидан тайёрланган баҳорнинг тансиқ таомлари бу байрамнинг Шарқона жиҳатларини бор бўй-басти билан тўла намоён қилди.
Арқон тортиш, тош кўтариш ва миллий кураш бўйича ўтказилган мусобақа ва бошқа халқ ўйинлари Наврўзи олам тантаналарининг шукуҳини янада оширди.
— Бугунги байрамда ҳатто туманимиз марказидан 80 километр узоқликдан ҳам халқимиз ташриф буюриб, Наврўзга пешвоз чиқишмоқда, — дейди 70 ёшли Абдурофи бобо Ҳаққулов. — Ҳар бир маҳаллаларимиз ўзларининг турли миллий чиқишлари билан иштирок этиб, юртдошларимизга завқ улашяпти. Ҳамманинг кайфияти кўтаринки. Мана об-ҳаво қандай яхши, ҳамма қирда, халқимиз томошаларни кўриб, яхши кайфиятда байрам қилишяпти. Наврўз юртимизга қут-барака олиб келсин.

Байрам тадбирида ёш истеъдод ғунчалари, фольклор дасталари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва элимизнинг севимли хонандалари томонидан баҳорни, тинчликни, Ватанни улуғлаб ижро этилган куй-қўшиқлар иштирокчиларига бир олам қувонч улашиб, кўтаринки кайфият бахш этди.
Наврўз тантаналари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида ҳам халқ сайли сифатида кенг нишонланмоқда.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг