Қўрғонтепа туманида текстил корхонаси иш бошлади. У нимаси билан аҳамиятли?
Андижонда трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар жуда кўп. Бироқ, Қўрғонтепа туманининг “Бирлашган” МФЙда фаолиятини бошлаган “Tillo vul textil” МЧЖга қарашли корхона бирорта ҳам иш ўрни мавжуд бўлмаган ҳудудда барпо этилгани билан аҳамиятлидир. Қирғизистон Республикаси билан шундоққина чегара ҳудудда жойлашган маҳалла туман марказидан бироз олисда бўлгани боис аҳолини доимий иш билан таъминланиш масаласи қийнаб келаётганди.
-Энди эса юз нафар хотин-қизларнинг ўз меҳнат жойи ва ойлик даромади бор,-дейди корхона раҳбари Одилбек Тўраев.-Келгуси икки йил ичида ишлаб чиқариш кўламини орттириш эвазига яна 100 та янги иш ўрнини яратишни режалаштирганмиз.
Бир пайтлар қишлоқ врачлик пункти вазифасини ўтаган, кейинчалик фойдаланилмай турган бино тадбиркорга “Нол” харид қийматида берилгач, унинг ўрнида янги корхона фаолиятини тиклаш учун 1,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кечагина “ишсиз” мақомига эга бўлган опа-сингилларимизнинг самарали меҳнатлари эвазига тайёрланган кийим-кечаклар тез кунларда қўшни давлатларга экспорт қилиниши кўзда тутилган.
Саминжон ҲУСАНОВ,
(“Халқ сўзи”)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг