Қорасув массивида замонавий «Эко бозор» фойдаланишга топширилди
Самарқанднинг йўлдош шаҳарчаси ҳисобланган Қорасув массиви бугунги кунда аҳоли энг кўп истиқомат қиладиган ҳудудлардан бири. Бу ердаги аҳоли учун муҳим ижтимоий инфратузилма объектларидан бири — замонавий «Эко бозор» фаолиятини бошлади.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоевнинг Қорасув массивида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари ҳамда «маҳалла еттилиги» вакиллари билан ўтказган учрашувида массивда аҳоли учун бозор йўқлиги масаласи кўтарилган эди. Ушбу масала ўрганилиб, массив марказида замонавий «Эко бозор» ташкил этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилган эди. Орадан кўп вақт ўтмай, ҳудуд марказида жойлашган ва фойдаланилмай турган бино қайта таъмирланиб, унда мева-сабзавот ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосига ихтисослашган «Эко бозор» ташкил этилди. Янги бозор замонавий талабларга жавоб берадиган инфратузилма, қулай савдо расталари ва санитария шароитлари билан таъминланган бўлиб, бу ерда сотувчи ва харидорлар учун барча қулайликлар мавжуд.
Бозорнинг очилиш маросимида иштирок этганлар аҳоли учун қулай шароитлар яратиш масаласи давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигини таъкидлашди. Шунингдек, бундай лойиҳалар ҳудуд аҳолиси турмуш даражасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Эндиликда Қорасув массивида истиқомат қилувчилар ўзларига яқин ҳудудда, барча қулайликларга эга замонавий бозордан фойдаланиш имкониятига эга бўлдилар. Бу эса уларнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг