Қорақалпоғистонлик болажонлар ёзги таътилни Фарғонада мароқли ўтказмоқда
Айни кунларда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти Кенгаши ташаббуси билан қорақалпоғистонлик 52 нафар ўғил-қизлар дилбар табиат қўйнида дам олмоқда.
“Тонг” оромгоҳида Оролбўйидан келган болалар учун барча шароит муҳайё этилган. Шу мақсадда алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, мавсум давомида турли давра суҳбатлари, қизиқарли учрашувлар, интеллектуал ўйинлар, викториналар ҳамда спорт мусобақалари ўтказиш режалаштирилган.

— Оромгоҳ менга жуда ёқди, — дейди Бўзатов туманидан келган Байрамбек Қазахбаев. — Табиати хушманзара, манзарали дарахтлар ва суви кўп жой экан. Бу ерга ҳар йили келиш катта орзуйимга айланди.
Айтиш жоиз, таътил даврида болаларнинг маънавий ва жисмоний баркамоллигини ошириш учун футбол, шахмат, стол тенниси, волейбол, тасвирий санъат, рақс, адабиёт, рус ва инглиз тили каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди.
Белгиланган режа асосида таниқли ижодкорлар билан учрашувлар ҳамда вилоятнинг тарихий-маданий масканлари бўйлаб саёҳатлар ҳам ташкил этилмоқда.
Ботир МАДИЁРОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг