Қорақалпоғистонда 6 ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсган
Фото: Президент матбуот хизмати
Бугунги кунда 100 тадан ортиқ ишчиси бор корхоналар 3 мингга яқинлашиб, улардаги иш ўрни бир йилда 440 мингга кўпайди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.
Хусусий секторда 5 миллион сўмдан кўп маош оладиган ишчилар 1 миллиондан ошди. Шундан 370 минги 10 миллион сўмдан зиёд ойлик олади.
Булар тадбиркорларимиз “сояда” ишлашдан кўра қонуний фаолият, соғлом рақобатни манфаатли деб билаётганидан далолат.
Тадбиркорлик рейтингида “А” ва “Б” – яхши тоифага кирувчи корхоналар 91 мингга кўпайди, яна 170 минг корхона “Д” – энг ёмон тоифадан чиқарилди. Бунинг ҳисобига солиқ текширувлари ўтган йилга нисбатан 2 карра, жумладан, камерал текширувлар 3 карра қисқарди.
Шу даврда йирик солиқ тўловчилар тушумлари 10 фоизга, вилоят даражасидаги корхоналарда 25 фоизга, туман тадбиркорлари тўлаётган солиқлар 40 фоизга ўсди.
Президентимиз таъкидлаганидек, “текширса – қўрқади, қўрқса – солиқ тўлайди”, деган қараш билан иш юрмаслигини ҳамма, айниқса солиқчилар тушуниб етди.
Содда қилиб айтганда, мансабдорлар тадбиркор билан мулоқот қилишга ўргатилиб, бизнес муҳитини яхшилаш бўйича туб бурилиш ясалди.
Олти ойда тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 карра ўсиб, 14 миллиард долларга етди.
Бу – инвесторларнинг Ўзбекистонда бизнес қилишга ишончи ортиб бораётганидан далолат.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг