Қоракўлда мўъжаз шаҳарча барпо этилди
Фото: Халқ сўзи
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳудудида жойлашган Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм учун мўъжаз шаҳарча барпо этилди.
Намунавий лойиҳа асосида бунёд этилган 20 та турар-жой, шунингдек, 25 ўринли болалар боғчасидан иборат бу гўша вилоят марказидан юзлаб километр олисда, саҳро бағрида қад ростлади. Унинг қурилиши учун давлатимиз томонидан салкам 4 миллиард сўм маблағ сарфланди.
Ана шу шинам уйларнинг бири майор Орифжон Пармоновнинг оиласига ажратилди.
— Уйда шаҳарникидан қолишмайдиган даражада шарт-шароитлар яратилган, — дейди майор. — Бир сўз билан айтганда, биз, чегарачиларнинг энди ўз оиламиздан кўнглимиз тўқ. Хизмат бурчимизни сидқидилдан адо этиб, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш йўлида куч- ғайратимиз, билим ва салоҳиятимизни аямаймиз.
Мазкур уй-жойларни фойдаланишга топширишга бағишланган тантанали маросимда Бухоро вилоят ҳокими Б. Зарипов иштирок этди.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг