Қўқонга меҳмонлар "оқиб" келмоқда
Айни кунларда Қўқон шаҳрига вилоятларимиздаги меҳмонлар билан биргаликда бутун дунёдан юзлаб хорижликлар “оқиб” келмоқда.
Кўҳна Ҳўқанди латиф фестивал олдидан янада тароватли кўриниш касб этган. Обод йўллар, боғлар, замонавий бинолар, ҳар бир кўча ва маҳаллалар байрамона кўриниш кўриниш олган.

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик жараёнлари, қурилиш ва бунёдкорлик ишлари ўз вақтида самарали ва сифатли тарзда якунига етказилди. Мамлакатимизнинг турли вилоятлари ва хорижлик меҳмонлар ўзбекона удум ва анъаналаримизга мос тарзда кутиб олинмоқда.

Қўқон шаҳрига Сурхондарё делегацияси барча меҳмонлардан аввал ташриф буюрди. Таркибbда 60 нафар моҳир ҳунарманд, бахши, маданият ва санъат соҳаси намояндаcи бор. Сурхонликлар айни чоғда намойиш майдонига воҳага хос чодиру ўтовлар тикиб, миллий каштачилик, гиламдўзлик, тўқувчилик ҳунарлари маҳсули ва миллий лапар ва қўшиқлар билан барча меҳмонлар, сайёҳларни хушнуд этмоқда.

– Бир неча йил аввал Марғилонга сафарим давомида Қўқонда бўлганман, – дейди бойсунлик гиламдўз-ҳунарманд Маликахон Подшоева. – Қўқон шаҳри таниб бўлмас даражада гўзал ва бетакрор кентга айланибди. Қисқа муддатда шаҳарнинг ўзига хос тараққий этишидан бошимиз осмонга етди. Биз аллақачон фестивалга тайёргарлик ишларини якунига етказиб бўлдик. Кўриб турганингиздек, ҳозирда сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли учун чиройли дастурлар ва кўргазмалар ташкиллаштиряпмиз. Ҳамма байрам кайфиятида. Бир сўз билан айтганда,Ўрда майдонида халқимизнинг қадрият ва анъаналари намойиш этиляпти.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг