Қўқондаги уйларда содир бўлган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди

10:40 26 Февраль 2026 Жамият
129 0

Фото: Тергов департаменти

Қўқон шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти хабар берди.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида мазкур уйда истиқомат қилган, 19 ёшли фуқаро бетон плита босиб қолиши сабабли оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Бошқа шахсларнинг жароҳат олгани тўғрисида маълумот келиб тушмаган. Ҳодиса натижасида бир нечта хонадонларга зарар етган.

Хабар асосида ҳодиса жойига ички ишлар органлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг масъул ходимлари етиб бориб, ёнғинни бартараф этиш, чақнашнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва ҳодиса жойини кўздан кечириш ишларига киришган.

Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов томонидан воқеа жойида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, масъул ходимларга зарур топшириқлар берилган. Жумладан, ҳодиса жойини Жиноят-процессуал кодекси талабларига мувофиқ ҳужжатлаштириш, иш учун аҳамиятга эга бўлган нарса ва буюмларни олиш, гувоҳлардан батафсил кўрсатмалар олиш ҳамда бошқа зарур тергов ҳаракатларини амалга ошириш вазифалари юклатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ 2-минтақавий ҳудуд Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши Тергов департаменти томонидан назоратга олинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер