Қўқонда «Янги Ўзбекистон» массиви қад ростламоқда
Ботир Мадиёров/«Халқ сўзи». Қўқон шаҳри ўзининг бой тарихи, кўҳна маданий обидалари ва бугунги замонавий қиёфаси билан юртимизда алоҳида ўрин тутади. Айни пайтда шаҳарнинг Мовароуннаҳр, Хўжанд ва Истиқлол кўчалари ҳудудида Реновация дастури доирасида кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ, ушбу ҳудудда «Янги Ўзбекистон» номли янги массив барпо этилади. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида 10 ва 16 қаватдан иборат 100 га яқин кўп қаватли уй-жой қурилиши режалаштирилган. Ҳозирда уларнинг 50 дан ортиғида қурилиш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

— Президентимизнинг «Халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак» деган эзгу ташаббуси шаҳримиз мисолида ўзининг ёрқин ифодасини топяпти, — дейди Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов. — Боиси бу каби улкан даражадаги қурилишлар аввал бўлмаган. Қурилиш соҳасига ҳам юксак технологиялар ва илм-фан ютуқлари кириб келиб, узоқ йиллар инсон фаровонлигига хизмат қиладиган муҳташам масканлар бунёд этилмоқда.
Дастур доирасида қуриб битказилган илк кўп қаватли уйда айни пайтда пардозлаш ишлари кетмоқда. Яқин кунларда ушбу уйдаги хонадонлар аҳоли ихтиёрига топширилиши режалаштирилган. Уй замонавий лифтлар, электр, сув ва иссиқлик коммуникациялари билан таъминланади. Том қисми ёпиш ишлари ҳам якунига етказиляпти.

Шунингдек, яқинда қурилиши бошланган яна икки кўп қаватли уйда ҳам ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда ва улар ҳам яқин вақтда фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг