Қўқон шаҳрида «Янги Қўқон» турар жой мажмуасини барпо этиш ишлари якунланмоқда
Айни кунларда кўҳна ва ҳамиша навқирон Қўқон шаҳри янги қиёфа касб этиб, тобора замонавий манзаралар билан бойиб бормоқда. Хусусан, «Янги Қўқон» массивида барпо этилаётган кўп қаватли турар жой бинолари шаҳар меъморий кўркига янада салобат ва муҳташамлик бағишламоқда.
Шаҳарнинг «Азизтепа» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаётган «Янги Ўзбекистон» массиви таркибидаги «Янги Қўқон» турар жой мажмуасида жами 56 та кўп қаватли уй қурилиши якунланиш арафасида. Яқин кунларда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган ушбу мажмуада қарийб 4 минг 400 та хонадон эгалари янги уй тўйларини нишонлаши кутилмоқда.
Қурилиш жараёнларида замонавий ёндашувлар, инновацион ғоя ва илғор тажрибалардан кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, биноларнинг хавфсизлиги ва зилзилабардошлигини таъминлашда Туркия тажрибаси жорий этилган. Шунингдек, мажмуада ташкил этилган ипотека маркази орқали уй-жой хариди тизимида ҳам янги механизм қўлланилмоқда. Унга кўра, уй хариди бевосита харидор ва банк ўртасидаги келишув асосида расмийлаштирилиб, қурилиш ташкилотлари ушбу жараёнга жалб этилмайди.
Янги турар-жой массивида аҳоли учун муносиб яшаш муҳитини яратиш, замонавий ва қулай инфратузилмани шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ландшафт архитектураси асосида яшил ҳудудлар, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш масканлари барпо этилиб, тоза ҳаво ва барқарор экологик муҳитни таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
— Эзгу ташаббуслар доирасида шаҳримизда қурилиш соҳасида истиқболли лойиҳалар кўлами йилдан йилга кенгайиб бормоқда, — дейди Қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари Азиз Сулаймонов. — Яқин кунларда хитойлик инвесторлар иштирокида замонавий савдо комплекси, меҳмонхона ҳамда кўп қаватли турар-жой бинолари қурилишига старт берилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Реновация дастури асосида шаҳарнинг Шароф Рашидов, Чархий, Муқимий, Имом Бухорий, Амир Темур, Шоҳруҳобод ва Гузар кўчалари ҳудудларида ҳам кўп қаватли турар-жой бинолари қуриш ишлари яқин вақт ичида бошланиши кўзда тутилган.
Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг