Қўқон шаҳрида туризм кўчасида ёшлар тадбиркорлик ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда

10:51 17 Декабрь 2025 Жамият
349 0

Кўҳна маданият, тадбиркорлик анъаналари ҳамда бой тарихий-маданий меросга эга Қўқон шаҳри Фарғона вилояти ҳудудлари орасида туризм салоҳияти юксак бўлган масканлардан бири ҳисобланади.

Айни жиҳатларни инобатга олган ҳолда, сўнгги йилларда шаҳарда туризм соҳасини жаҳон андозалари даражасида ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда Хўқанди латифда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилиб, янги туризм маршрутлари ташкил этилмоқда.

Хусусан, Истиқлол туризм кўчаси 24/7 режимида фаолият юритиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни жалб этишга қаратилган турли маданий ва ижодий ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жумладан, рассомлар кўргазмалари, Лаванда боғи, шунингдек, маданий-кўнгилочар дастурлар ушбу ҳудуднинг жозибадорлигини янада оширмоқда.

Бу жараёнда ёшлар фаоллиги ҳам алоҳида эътиборга молик. Яқинда Қўқон шаҳар ҳокимлиги кўмагида Истиқлол туризм кўчасида 2-сон техникуми ўқувчилари томонидан табиий матолардан қўлда тайёрланган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилди. Ушбу ташаббус ўқувчиларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, шунингдек, келажак фаолияти учун амалий тажриба тўплашга хизмат қилмоқда.

Устозларнинг таъкидлашича, дарсдан кейинги тўгарак машғулотларида тайёрланган ўйинчоқлар, гулдасталар ва кийим-кечаклар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳлар орасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Айни пайтда савдо шохобчасида 20 турдан ортиқ маҳсулот харидорларга таклиф этилмоқда. Лойиҳа доирасида маҳсулот турларини босқичма-босқич кенгайтириш режалаштирилган. Шу билан бирга, таълим муассасасининг ишлаб чиқариш усталари томонидан тайёрланган турли уй-рўзғор буюмлари ҳам савдога қўйилмоқда.

— Тикувчилик маҳсулотлари дизайни йўналишида таҳсил олаётганим сабабли мазкур фаолият назарий билимларимни амалий тажриба билан уйғунлаштириш имконини берди, — дейди ўқувчи Ҳуснорахон Муқимова. — Айни пайтда устозлар кўмагида саноат чиқиндиларидан тайёрланаётган мунчоқлар ва сумкалар харидоргир маҳсулотга айланди. Шунингдек, бошқа ўқувчилар томонидан махсус совундан турли шаклдаги гуллар ва гулдасталар, шу билан бирга, замонавий кийимлар тайёрланмоқда.

Натижада ўқувчилар ҳар ой ўртача 1–1,5 миллион сўм миқдорида қўшимча даромад олишмоқда. Бу эса ёшлар учун бир вақтнинг ўзида ҳам таълим олиш, ҳам меҳнат қилиш орқали ўз имкониятларини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер