Қўқон шаҳрида 20 минг тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди
Фото: “Халқ сўзи”
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида кузги мавсумда Қўқон шаҳрида 325 минг туп манзарали ва мевали дарахтлар экиш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан лойиҳанинг илк кунлари кўчат ярмаркаси ўтказилиб, унда маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин –қизлар ва ёшлар вакиллари қатнашди.

Ўз навбатида дастлабки кунларнинг ўзидаёқ шаҳардаги 19 та корхона-ташкилотлар, 10 дан зиёд МФЙларда кўчат экиш ҳашари уюштирилиб, 4 минг туп 20 турдан кўпроқ манзарали дарахт кўчатлари, анвойи гуллар экилди. Шунингдек, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги томонидан хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда маҳаллаларга қарийб 8 мингта кўчат етказиб берилди.

— Ўтган даврда лойиҳа ижроси бўйича 20 минг туп кўчат экилишига эришилди,—дейди Қўқон шаҳар ҳокими ўринбосари Обидхон Жўраев. —Айни кунларда Муқимий, Фурқат, Ёшлар боғи каби маҳаллалар ҳамда корхона ва ташкилотларда кўкаламзорлаштириш ишлари жадал давом этмоқда. Бу борада нафақат кўчат экиш балки келгусида баравж ривожланишига ҳам эътибор қаратилади.
Эзгу ташаббус ҳар бир ҳудуд кесимида кенг қулоч ёзиши учун Қўқон давлат ўрмон хўжалиги томонидан маҳаллаларга бепул тарзда 200 тупдан манзарали кўчатлар етказиб бериш кўзда тутилган.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг