Қўқон нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилди
Фото: Халқ сўзи
Қўқон университетида “Қўқон хонлигининг Туркий халқлар давлатчилиги ривожи ва маданий меросида тутган ўрни” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз олимлари билан бирга Туркия, Венгрия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон сингари давлатлар вакиллари, юртимиз олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва эксперт ҳамжамиятлари аъзолари иштирок этди.

Халқаро конференция ялпи мажлисини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очди.
—Президентимиз ташаббуси билан 2021 йил июнь ойида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишида Қўқон шаҳри "Туркий дунё туризм пойтахти” дея эълон қилингани барчамизга яхши маълум, — деди А. Абдуҳакимов. — Қўқон университетида ўтказилаётган бугунги халқаро конференциянинг мақсади Қўқон хонлигининг туркий халқлар давлатчилиги ҳаётида тутган ўрни, маданияти ривожига қўшган ҳиссасини кенг тарғиб қилишга қаратилган.
Айни жараёнда Туризм ва маданий мерос вазирлиги саъй-ҳаракатлари билан “Муқаддас зиёрат” лойиҳаси доирасида туркий халқлар ўртасида зиёрат туризми жадал ривожланяпти. Анжуманда муҳокама қилинадиган барча илмий мавзулар ўлкамиз тарихини ўрганишга муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз.
Шундан сўнг конференция иштирокчилари икки кун мобайнида сессияларда ўзаро тажриба алмашиб, мазкур ташаббус доирасида туркий халқлар тарихида янги саҳифа очилаётгани ва ҳамкорлик анъаналарининг янги босқичи бошланганини эътироф этдилар.

—Қўқон туркий дунё маданий меросига беқиёс ҳисса қўшган Фарғона водийсининг ёрқин дурдонаси, — деди Халқаро туркий маданият ташкилоти – Турксой бош котиби Султанбай Раев. — Асрлар давомида қардош халқларимиз аҳил-иноқликда умргузаронлик қилаётган латиф шаҳар азалдан бағрикенглик, маданият, санъат ва адабиёт марказларидан бири ҳисобланади. Турк давлатчилигининг ҳар томонлома ривожланган шаҳри сифатида танилган Қўқон ўзининг меъморий қиёфаси, инсонпарварлик ва бағрикенглик маданияти билан нафақат Марказий Осиё цивилизацияси, балки бутун инсоният ривожида муҳим ўрин тутади.
Халқаро конференция ўзбек, турк, инглиз ва рус тилларида маърузалар тингланди. Маърузачилар конференция иштирокчиларини мавзу юзасидан олиб борган тадқиқотлари натижалари билан таништирди. Илмий-амалий мулоқотларда Қўқон хонлигининг ўлка маданий ҳаётида тутган ўрни, таълим тизими, адабий муҳит, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаёти хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари учун “Қўқон – Риштон – Марғилон” бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Худоёрхон ўрдасида тарихий спектакль, театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. Тарихий ёдгорликлар, ҳунармандчилик устахоналари, ипак ва бошқа миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишув меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Конференция иштирокчилари учун Қўқон университети бўйлаб кампус-тур уюштирилиб, меҳмонлар ўқув бинолари, Students Hostel, янги бунёд этилаётган туризм факультети биноси лойиҳаси, ахборот-кутубхона маркази фаолияти, Туркий халқлар мутафаккир-адибларининг бой меросига бағишлаб ўрнатилган “Тафаккур гулшани” монументи билан танишдилар.
Конференцияга юздан зиёд олимлар томонидан тақдим этилган маърузалар ва илмий-амалий мақолалар китоб ҳолида нашр қилинади.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг