Қопқоқ ўғрилари қопқонга тушди
Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Кейинги пайтда Бухоро вилоятининг бир қатор ҳудудларида сув ва оқава қувурларининг чўян қопламаси, яъни қопқоқлари йўқолиб қолиши ҳоллари кўпайди. Бу нафақат “Бухоро сув таъминот” акционерлик жамияти жамоаси, балки жамоатчиликни ҳам хавотирга солиб қўйди.
Негаки, чўян қопқоқлар ўрни очиқ қолгач, йўл ҳаракати хавфсизлигига зиён етади. Улар йўловчилар, жумладан болаларнинг саломатлиги учун ҳам жиддий хавф туғдиради. Демак, гап фақат корхонага етказилган моддий зарар ҳақида кетмаяпти.
“Бухоро сув таъминот” акционерлик жамияти матбуот хизмати тарқатган хабарга қараганда, чўян қопқоқларнинг йўқолиб қолиш ҳолатлари хусусан, Когон шаҳри ва туманида кўп кузатилган. Буни қарангки, куни кеча қопқоқ ўғрилари қопқонга тушди. Когон шаҳридаги кузатув камераларининг бирида тун қоронғисидан фойдаланиб, чўян қопқоқни ўмараётган икки шахс тасвири муҳрланди. Автомобилда келиб, шу жиноятга қўл урган иккала фуқаро қилмиши Когон шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ўрганилди. Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар суди уларга жазо тайинлади. Шаҳар ҳудудидан ўғирланган 8 та қопқоқнинг барчаси жойига қайтарилди.
Халқ мулкига кўз олайтириб, одамлар ҳаётини хавф остига қўйган бундай шахслар қариндошлари, жигаргўшалари рўпарасида туриб, “Биз киммиз ўзи?” деган саволга жавоб берса, озгина виждонлари қийналармиди...
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг