Қонун лойиҳаси нега тортишувларга сабаб бўлди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида «2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги»ги қонун лойиҳаси партия мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди.
Таъкидлангандек, ушбу қонун лойиҳаси Буджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган. Лойиҳа билан 2024 йилда буджет тақчиллигининг юқори чегараси 4 фоиз этиб белгилангани сабабли келгуси йил учун ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг жами чекланган ҳажми оширилиб, 5,0 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгилаш таклиф этилмоқда.
Бунда Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, тақчилликни молиялаштириш учун 2,5 млрд. АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда. Валюта хатарини камайтириш мақсадида Ўзбекистон номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажмини оширган ҳолда 25,0 трлн. сўм миқдорда белгилаш таклиф қилиняпти.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасининг ҳар бир моддасини синчиклаб таҳлил қилдилар ва ҳукумат вакилларини айрим масалаларда саволга тутди. Қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган йиғилишда депутатлар қайсидир харажатни кўпайтириш, қайсинисидир камайтириш бўйича ўз таклифларини бердилар.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2023 йилинг 9 ойи якуни ижроси ҳам муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, Давлат дастурининг жами 443 та яхлит ва кичик бандларида назарда тутилган топшириқлардан 250 тасининг ижро муддати 2023 йилнинг 9 ойи этиб белгиланган. Шундан 187 та банд (кичик банд)лар тўлиқ бажарилди, 42 тасининг ижроси юзасидан ишлаб чиқилган тегишли ҳужжат лойиҳалари Президенти Администрациясида, 4 таси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида, 3 таси Олий Мажлис Сенатида, 14 тасининг ижро муддати белгиланган тартибда узайтирилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ҳисобот якунида ЯИМ ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни ташкил қилди. Давлат бюджети даромадлари 98,8 трлн сўмга ижро этилди. Давлат бюджети жами харажатлари 201,3 трлн сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 98,5 трлн. сўмни ташкил қилди. Ушбу сарфланган харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ошди.
Депутатлар Давлат дастурининг 2023 йилнинг 9 ойи якуни ижросини қизғин муҳокама қилиб, бюджетдан ажратилган ҳар бир сўм маблағдан тежаб-тергаб, мақсадли фойдаланиш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва бу борада назоратни янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.
Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, Давлат дастурининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг