Қонун лойиҳаси билан коллизион нормалар бартараф этилади

18:54 10 Ноябрь 2020 Сиёсат
1129 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 10 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама қилдилар.

Қонун лойиҳаси билан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини Ўзбекистон Республикасининг ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокама қилишнинг тартиби ойдинлаштирилди. Норматив ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш тартиби ва келишмаганлик учун жавобгарлик масалалари белгиланди.

Эътиборлиси, лойиҳа билан тартибга солиш таъсирини баҳолаш институти жорий қилинмоқда. Бунда норматив ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан кутилаётган натижалар таҳлили, шу жумладан тахмин қилинаётган харажатларнинг норматив ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилишдан кутилаётган натижаларга мутаносиблиги аниқлаштирилади.

Шунингдек. ҳуқуқий эксперимент ўтказиш тушунчаси ва уни ўтказиш тартиби ҳамда қонунлар ва қонуности ҳужжатларига қуйиладиган асосий талаблар ойдинлаштирилди.

Депутатларнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши коллизион нормалар, икки хил шарҳлаш, коррупция кўринишлари ва давлат томонидан ортиқча тартибга солиш ҳолатларига олиб келувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш амалиётини бартараф этишда ҳуқуқий асос бўлади. Шунингдек, ҳуқуқий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган даврда норма ижодкорлиги фаолиятига тааллуқли барча ўзгартиришларни, шу жумладан, қонунларнинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаш таъминланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер