Қўмита мажлисида янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”
Жорий йилнинг 5 октябрь куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди.
Унда 33-ялпи мажлис кун тартиби доирасига муҳокама қилиш назарда тутилган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилди. Жумладан, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги Қонун сенаторлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари, доимий комиссия раислари, котибият мудирлари, тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, янги таҳрирдаги мазкур Қонун 31 та моддадан иборат, стандартлаштириш соҳасидаги халқаро талаблар ва илғор хорижий тажрибани қамраб олиш, ўтган 29 йиллик ҳуқуқий амалиётдаги бўшлиқларни тўлдириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис, хорижий тажрибаларга таянган ҳолда “миллий стандарт” тушунчасига ўзгартирилмоқда. Чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши белгиланмоқда.
Жаҳон савдо ташкилоти, Стандартлаштириш бўйича халқаро ташкилот ва бошқа ташкилотлар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорлари ёки хорижий бозорларга кириб бориши ҳамда рақобатбардошлилигини ошириб бориши учун стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилади.
Қонуннинг қабул қилиниши билан 18 мингдан ортиқ стандартлар мажбурий тусдан ихтиёрийликка ўтади. Шу билан бирга халқаро, минтақавий ва хорижий стандартларни Ўзбекистон Республикасида қўллаш тартиби жорий этилмоқда. Бунда улар Миллий органнинг қарори билан миллий стандартлар сифатида ўзгаришсиз қабул қилиш орқали қўлланилади.

Ҳозирда Европа стандартлаштириш институти, Америка материалларни синаш жамияти, Франция стандартлаштириш уюшмаси, Россия Федерацияси Техник жиҳатдан тартибга солиш ва метрология федерал агентлиги ҳамда бошқа ташкилотлар билан стандартларни қўллаш ва ҳамкорлик юзасидан келишувлар мавжуд.
Шунингдек стандартлаштириш соҳасида муайян муддатга қабул қилинадиган “дастлабки стандарт”ни (DS – Dastlabki Standart) қўллаш тартиби жорий этилмоқда.
Турли хил идоралар кесимида стандартлаштириш бўйича ишларни алоҳида-алоҳида олиб бориш амалиёти бекор қилиниб, стандартларни экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш, рўйхатга олиш, янгилаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколати стандартлаштириш бўйича Миллий орган – Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Стандартлар институтига берилмоқда.

Бу каби амалиёт Европа Иттифоқи аъзолари, Хитой, Россия, Сербия, Литва, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа давлатларда мавжуд.
Шунингдек, стандартлаштириш фаолиятини ташкил этиш тартиби аниқ белгиланмоқда. Жумладан, стандартлаштириш ишларини режалаштириш, стандартлар ахборот базасини яратиш ва юритиш, стандартларни қўллаш, нашр қилиш ва тарқатиш, стандартлаштириш соҳасидаги низоларни ҳал қилиш тартиби, яъни Апелляция комиссиясини тузиш белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши натижасида миллий стандартлаштириш тизими халқаро амалиёт билан уйғунлаштирилади, маҳсулот ва хизматлар ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг сифати, уларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлиги ошишига эришилади.
Мажлис сўнггида Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг