Қўмита автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижаларига эътибор қаратди

18:29 26 Май 2023 Сиёсат
1266 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йил 26-май куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 4-апрелдаги “Автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисида масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.

Тадбирда сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари доимий комиссиялари раислари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ҳисоб палатаси, Ички ишлар, Транспорт вазирликлари ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, қарорда белгиланган вазифаларнинг 21 таси ижро қилинган, 6 та норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026-йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган “Хавфсиз ва равон йўл” умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтиришга оид қарорлари шулар жумласидандир.

Ушбу ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда мавжуд автомобил йўллари инфратузилмаси комплекс такомиллаштирилиб, автомобил йўлларида ҳаракатни бошқариш тизими рақамлаштирилмоқда.

Жумладан, Умуммиллий дастур ижросини таъминлаш ва автомобил йўлларида транспорт воситаларини ўтказувчанлик қобилиятини яхшилаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига 2023-йилда жами 707 та транспорт ва 298 та пиёдалар светофорини ўрнатиш ҳамда 404 та светофорни (348 та транспорт, 56 та пиёда) реконструкция қилиш белгиланган.

Бундан ташқари, илғор хорижий тажриба асосида Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент муҳокамасига киритилган. 

Бироқ ўтказилган ўрганишлар таҳлили Қарор ижросини таъминлашда айрим камчиликлар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Қарорда белгиланган вазифалар доирасида “Узавтомотобелги” давлат унитар корхонасида йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва ушбу соҳада рақобат муҳитини шакллантириш бўйича етарли ишлар амалга оширилмаган. Оқибатда бундай техник воситаларнинг сифати пастлигича қолмоқда.

Қарорнинг 9-бандида белгиланган вазифалар ижроси тегишли ҳудудий махсус комиссиялар томонидан тўлиқ таъминланмаяпти. Жумладан, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига мунтазам киритилмаяпти.

Айнан шундай камчиликлар оқибатида 2022-йилда мамлакатимизда 9902 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳамда уларда 9606 нафар фуқаро жароҳатланган ва 2356 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

2023-йилнинг 4 ойи давомида эса 2144 та йўл транспорт ҳодисасида 499 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.

Умуммиллий дастурда кўзда тутилган айрим вазифалар ижроси ҳам ўз вақтида таъминланмаган. Хусусан, 26 та вазифа ижроси белгиланган муддатда амалга оширилмаган.

Шунингдек, жорий йилнинг 1-чорак якунига қадар муддати келган 5 та топшириқ ижроси таъминланмаган.

Жумладан, Андижон, Фарғона, Бухоро, Навоий вилоятларида қоидабузарликларни қайд этувчи фото ва видео мосламаларни (камералар) ўрнатиш, уларни вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилиш,  йирик бозорлар атрофида кўп қаватли ёки ер ости автотураргоҳлари ҳамда автоматлаштирилган йўл бўйи пуллик тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш каби топшириқлар ижро этилмаган.

Бугунги кунда транспорт воситалари сони аҳоли жон бошига кўпайиши ва йирик шаҳарларда янги автомобил йўлларини қуриш имконияти чеклангани, светофор орқали транспорт оқимини бошқаришнинг ягона ақлли автоматлаштирилган тизими тўлиқ жорий этилмаганлиги сабабли йўлларда тирбандликлар вужудга келмоқда.

Таҳлиллар давомида аниқланишича, автомобил йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларни сақлашда ҳамон бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилмоқда.

Йўл ҳаракати қоидалари аҳоли ўртасида ҳанузгача таъсирчан ва самарали тарғиб қилинмайди, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг бу борадаги маданиятини юксалтиришга қаратилган материаллар етарли даражада берилмаяпти.

Тегишли олий ўқув юртларини битирган бакалавр ва магистрларни йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига ишга қабул қилишнинг замонавий, шаффоф ва самарали тизими тўлиқ жорий этилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қўмита йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифларни илгари сурди. Хусусан, Қарор ҳамда Умуммиллий дастур ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўяётган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мутасаддилари фаолиятига баҳо бериш масаласини кўриб чиқиш,  Қарор ҳамда Умуммиллий дастур ижросини таъминлаш юзасидан ҳудудий комиссиялар масъулиятини кучайтириш, ҳудудий комиссиялар томонидан ҳар ойда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликларнинг таҳлилидан келиб чиқиб, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганиш шунингдек, тегишли таҳлилларнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари муҳокамасига киритилиши каби масалалар шулар жумласидандир.

Муҳокама якунлари бўйича Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер