Қизилтепа туманида замонавий тез тиббий ёрдам станцияси фойдаланишга топширилди

12:10 11 Февраль 2026 Жамият
296 0

Тез тиббий ёрдамнинг самарадорлиги, аввало, шифокорларнинг билим ва малакаси, дори-дармон таъминоти ҳамда ёрдамнинг ўз вақтида кўрсатилишига бевосита боғлиқ.

Республика Президентининг 2018 йил 25 январдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазкур йўналишдаги хизматларни халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу ҳужжат ижроси доирасида Навоий вилоятида ҳам шошилинч тиббий ёрдам тизимининг моддий-техника базаси изчил мустаҳкамланмоқда.

Жумладан, тез тиббий ёрдам станциялари «Hyundai», «Nissan» русумидаги махсус автомашиналар, реанимобиллар, олис ва чўл ҳудудлари учун эса «УАЗ» русумидаги йўлтанламас транспорт воситалари билан таъминланмоқда. Шунингдек, станция бинолари замонавий талаблар асосида янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Қизилтепа туманидаги тез тиббий ёрдам станцияси ҳам ана шундай объектлардан бири бўлиб, у Президентнинг «Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори доирасида ташкил этилди.

Тақдимот маросимида иштирокчилар янги бинода яратилган шароитлар, тез тиббий ёрдам ходимларининг иш фаолияти, дори-дармон захиралари ҳамда мавжуд имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

— Станцияда барча жараёнлар рақамлаштирилган, — дейди соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Нурали Сафоев. — Чақириқни қабул қилишдан тортиб, беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва зарурат туғилганда госпитализациягача бўлган барча босқичлар доимий электрон назорат остида олиб борилади. Бу эса хизмат сифатини ошириш ва тезкорликни таъминлашга хизмат қилади.

Тадбир давомида станция жамоасига янги замонавий реанимобиль ҳам топширилди. Янги имкониятлар аҳолига кўрсатилаётган тез тиббий ёрдам хизматлари самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер