Қизилқумлик миришкорнинг жайдари қовунлари

15:34 14 Август 2025 Жамият
264 0

Конимехлик Турсунқул Абдураззоқов Янгиқозғон овулидан ўн чақиримча жанубда Шодмон қудуғи атрофида яшайди. Қудуқ анча эски бўлиб, ўтган аср ниҳояларида кўмилиб кетган экан. Ёнидаги янгисидан Янгиқозғонга сув тортилган. Т.Абдураззоқов шу қудуқнинг сув техниги – насосни график асосида қўшиб-ўчириб, электр линиясининг созлигини назорат қилиб туради. Ойлик маоши ҳам шунга яраша.

Турсунқул акага бу юмуш аслида ота касб, ҳарбий хизматдан қайтиши билан(1997 йил) қўлга олди.

— Билак кучга тўлган даврлар эди, зериккандан кўмилиб кетган эски қудуқни тозалаб, сув чиқардим, — дейди Т. Абдураззоқов. — Тегирмон юргизмайди-ку, лекин ажабтовур чучук сув. Таваккал қилиб, кейинги йил қовун экдим. Рўзғорга етарлик ҳосил олдик. Кейинчалик ёнига тарвуз, қовоқ қўшдим, янги ерлар ўзлаштирдим, шу тахлит 27 йилдан бери мой тупроқда жайдари деҳқончилик қиламан.

Конимехлик миришкорнинг полизи бугун 3 гектарни ташкил этади. Умуман ўғит ишлатмагани учун бўлса керак, мижозлар йўлдан оғринмай ўзлари олиб кетишади. Энг муҳими, оиласи ёз неъматларига зориқмайди. Яқинда туман ҳокими унинг рўзғор тутуми ва тирикчилигини кўриб, бу тажрибани бошқа чўпон отарларида ҳам оммалаштириш зарурлигини билдирди.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи».  

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер