«Қизилқум» U-19 жамоаси бош мураббийи пора билан ушланди
Навоийнинг «Қизилқум» профессионал футбол клуби U-19 жамоаси бош мураббийи пора олаётган вақтда қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциациясининг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Маълум қилинишича, Навоий шаҳрида фаолият юритувчи «Қизилқум» профессионал футбол клубининг U-19 жамоаси бош мураббийи, ўйинчилар жамоага белгиланган синовлар орқали сараланиб, клуб комиссияси қарори ҳамда раҳбарнинг тегишли буйруғи асосида қабул қилинишини билган ҳолда, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган.
У Нурата туманида яшовчи, 2008 йилда туғилган ўсмирнинг ишончини қозониб, уни жамоанинг асосий таркибига қабул қилиш эвазига 20 млн сўм талаб қилган.
Бироқ бош мураббий сўралган пул маблағини олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг