Қизилқум шимолида суюлтирилган газдан муаммо бўлмайди
Қизилқум шимолига қиш анча эрта келади. Мабодо қор қалинроқ ёғиб, йўллар ёпилиб қолса, ушбу кенгликларда истиқомат қилаётган Учқудуқ ва Томди туманларининг аҳолисига кундалик эҳтиёж маҳсулотларини етказиш анчагина қийинчилик туғдиради. Шу боис ушбу ҳудудларда куз-қиш мавсумига захира тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилиб, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари ёқилғи мойлаш материаллари ҳам иссиқ-илиқ кунларда ғамлаб олинади. Хусусан, айни кунларда учқудуқликларнинг суюлтирилган газдан ташвиш тортмасликларининг чоралари кўрилмоқда.
— Бугунги кунда туманимиз бўйича жами 9 минг 710 та аҳоли истеъмолчилари суюлтирилган газдан фойдаланаётган бўлиб, уларнинг 2947 тасига маиший газ баллонлари, 6763 тасига эса газгольдер курилмаларидан газ кувурлари ёрдамида ушбу неъмат етказиб берилади, — дейди “Учқудуқтумангаз” газ таъминоти бўлими суюлтирилган газ хизмати бошлиғи Шаҳбоз Тошмуродов. — Ушбу аҳоли истеъмолчиларига туманимизда махсус русумли автотранспорт воситалари хизмат кўрсатади. Туманда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида транспорт воситаларимиз шай ҳолатга келтирилиб, етарли миқдорда газ баллонлар захираси яратилган.
Туманда “Учқудуқ” газ тўлдириш станцияси фаолият кўрсатади. Ушбу станция 270 — 280 тоннагача суюлтирилган газни қабул қилиб олиш қувватига эга бўлиб, асосан учқудуқликлар, зарурият туғилганида эса Зарафшон шаҳри ва Томди тумани истеъмолчиларини ҳам суюлтирилган газ билан таъминлайди.
Газ тўлдириш станциясида куз-қишки мавсумига тайёргарлик доирасида 200 тоннага яқин суюлтирилган газ захираси яратилди. Мазкур маскандан бир кунда газгольдер қурилмаси орқали 6 тоннадан 9 тоннагача, маиший газ баллонлар орқали эса 2 тоннадан 4,2 тоннагача суюлтирилган газ истеъмолчиларга жўнатилади.
— Бу 20-25 кунга етадиган миқдорда захира яратилди, демакдир, — дея давом этади Ш. Тошмуродов. — Албатта, шу муддат ичида газ сиғимлари яна тўлдирилади.
“Ҳудудгазтаъминот” АЖ Навоий газтаъминот филиали томонидан ОАВлари вакиллари учун уюштирилган пресс-турда журналистлар “Учқудуқ” газ тўлдириш станцияси фаолияти билан танишиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари вилоятнинг Зарафшон шаҳрида энергия тежамкор газ ускуналарини ўрнатиш, унинг афзаллиги борасидаги тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда ҳудудда куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг аҳволини ўрганиб, истеъмолчиларнинг фикр- мулоҳазалари ва таклифларини тинглашди.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг