Қиш-қировли кунларда биотехник тадбир нима учун керак?

15:24 16 Январь 2023 Жамият
932 0

Фото: Халқ сўзи

Қизилқум саҳросининг ҳайвонот ва наботот олами ниҳоятда бой. Бироқ мазкур ҳудуддаги биохилма-хилликни асраш, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ноёб ҳайвонлар ва қушлар ҳамда ўсимлик турларини муҳофаза қилиш ҳаётий заруратга айланган. Президентимизнинг 2022 йил 16 февралда қабул қилинган тегишли қарори билан Навоий вилояти Учқудуқ туманида «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғи ва Томди туманида «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонасига асос солиниши айни муддао бўлди.

Бугун Табиат ресурслари вазирлиги тасарруфида бўлган мазкур мажмуаларда илмий-тадқиқотлар мониторинг тарзида олиб борилиб, улар фундаментал ва амалий аҳамият касб этмоқда. Яъни тадқиқотлар натижасида Қизилқумнинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсида содир бўлаётган ўзгаришлар кузатилиб, келажакда бу экотизимларда юз бериш эҳтимоли бор янгиликлар башорат қилинаётир.

Шу тахлит миллий табиат боғи ва давлат қўриқхонаси фаолияти йўлга қўйилиши натижасида Қизилқум чўлининг марказий қисмидаги табиий мажмуа ва объектлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган ўттиздан ортиқ турдаги ноёб ҳайвон ва ўндан зиёд ўсимлик турлари ҳудудий жиҳатдан муҳофаза остига олинди.

— Ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ташкил этилиши минтақадаги табиий мажмуаларнинг қайта тикланишига ҳамда экологик хавфсизликка бўлган таҳдидларнинг, яъни чўлланишнинг ортиб бориши, ҳавонинг қум ва чанг зарралари билан ифлосланиши, иқлимнинг кескин ўзгаришига таъсир кўрсатувчи салбий омилларнинг олдини олишдек мақсадларни ҳам назарда тутади, — дейди «Оқтоғ-Томди» давлат қўриқхонаси директори Йўлчи Эшонов. – Шу билан бирга минтақада ноёб ҳайвонлар ва ўсимликлар ҳамда табиий мажмуаларни муҳофаза қилиб, яқин ўн йилликда ҳайвонларнинг бош сони камида 15 фоизга ортиши, ўсимлик популяцияларининг тарқалиш ареаллари 20 фоизга кенгайиши белгиланган.

Қайд этиш жоиз, мазкур муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ноёб ҳайвон тури – жайроннинг Қизилқум чўлидаги популяциясининг қарийб 80 фоизи ҳаёт кечиради. Шу кеча-кундуздаги аномал совуқ ва қалин қор мазкур мажмуа ходимлари олдига ҳам муҳим вазифаларни қўймоқда.

— Ҳавонинг кескин совуши натижасида ёввойи ҳайвонларнинг озуқа излаб топиши бирмунча қийинлашади ва натижада улар озуқа излаб қўриқхона ҳудудидан узоқлашади. Шунга асосан қўриқхонада биотехник тадбирлар ўтказилмоқда, — дейди Й. Эшонов. — Яъни қўриқхонамиз ходимлари томонидан 5 та ҳудудда сунъий озиқлантириш майдончалари яратилиб, жайронлар юрадиган йўлларга ем-хашак ёйиб чиқилмоқда.

Қўшимча қилиш жоиз, мажмуаларда биотехник тадбирлар давом эттирилиб, бунинг учун уларда етарли миқдорда озуқа захиралари яратилган.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер