Қироллик асалариларига Елизавета IIнинг ўлими ҳақида маълум қилинди
Фото: Reuters
Қироллик асалариларига Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироличаси Елизавета IIнинг ўлими ҳақида маълум қилинди
Буюк Британияда кўп асрлик анъанага ҳурмат кўрсатилди ва қироллик боғидаги асалариларга Елизавета IIнинг ўлими ҳақида хабар берилди. "Daily Mail" нашрининг ёзишича, бу ишни 79 ёшли сарой асаларичиси Жон Чаппл амалга оширган.
Анъанага кўра, аввал қутилар устига қора мотам тасмалари қўйилган. Кейин Жон Чаппл ҳашаротларга нима воқеа юз берганини айтиб, энди уларнинг янги эгаси Чарльз III номини олган шаҳзода Чарльз экани маълум қилинган.
Асаларилар билан суҳбатлашиш кўплаб Европа мамлакатларида анъанавий одат ҳисобланади: асалариларга ўз эгаларининг ҳаётидаги муҳим воқеалар, масалан, туғилиш, никоҳ ёки ўлим ҳақида айтиб берилади. Бу ерда асалариларга эгасининг ўлими ҳақида хабар берилмаса, улар асал беришни тўхтатиши ёки ҳатто ўлиб қолиши мумкинлигига ишонилади.
Буюк Британия қироличаси Елизавета II жорий йилнинг 8 сентябрь куни вафот этди. Мамлакатда 10 кунлик миллий мотам эълон қилинган. Чарльз III номини олган шаҳзода Чарльз тахт вориси бўлди. У 10 сентябрда расман қирол, деб эълон қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг