Қирмизи олма

14:08 30 Август 2024 Жамият
409 0

Байрам кунлари оила даврасида, айниқса, болалар билан ҳордиқ чиқариш, файзли хиёбонларда сайр қилиб, чарчоқларни ёзиш жуда мароқли. Ахир байрамнинг шукуҳи, қувончи болалар биланда!

Айём шукуҳи кезиб юрган лаҳзаларда фарзандларим билан Фарғона шаҳрида янги қуриб битказилган Экошаҳарга сайрга бордик. Бу ерда ҳар куни байрам дастурлари намойиш этилиб, оилавий ҳордиқ чиқариш учун қулайликлар яратилган. Замонавий аттракционларда қийқириб, шодланиб учаётган жажжи болаларнинг нигоҳида эртанги кунни, юртимиз истиқболини кўргандай бўламан.

Оқшом сайли жуда ҳам мароқли ўтди. Бир олам таассуротлар билан уйга қайтар эканмиз, эҳтиёж туфайли ёқилғи қуйиш шохобчасига киришга тўғри келди. Машинада болаларни кўрган шохобча ишчи-ходимлари уларга ширинликлар улашишди. Шу лаҳзаларда болалар кўзидаги қувончни кўрсангиз эди! Бола қувонса, эл қувонади, деган ҳикмат мағзини чаққандай бўлдим.

Йўл-йўлакай уйга ошиқар эканмиз, светофорнинг қизил чироғида машинани тўхтатдик. Ёнма-ён келиб тўхтаган машинадаги амаки болаларга табассум билан қўл силтади. Болалар ҳам бунга жавобан қий-чув қилиб, жажжи қўлчаларини ҳаракатлантиришди. Машинанинг олд ўриндиғида ўтирган 8 ёшли ўғлим айни лаҳзаларда бениҳоя хурсанд эди. У кутилмаганда:

— Аяжон, шу меҳрибон амакига битта шоколадимни берсам майлими? — деб қолди.

Розилик билдирганимдан сўнг ойнадан ёши улуғ ҳайдовчига ширинлигидан биттасини узатди. Амаки ҳам хурсанд бўлиб олди. Яшил чироқ ёниб, йўлда давом этдик. Кейинги светофорда яна қизил чироқ ёниб, ёнма-ён тўхтаганимизда ўша амаки энди ўғлимга бир дона қирмизи олма узатди. Ўғлим олди ва роса севинди.

Шу лаҳза доноларнинг «Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир», деган пурмаъно ўгити ёдимга тушди. Қадрдон уйимизга етиб келгач, Экошаҳар хиёбонларида югуриб, турли кўнгилочар ўйинлар ўйнаб обдон чарчаган болалар бир зумда ухлаб қолишди.

Эрта тонгда ишга кетаётиб маҳалладан катта йўлга чиқишда қўшнимиз фарзандини боғчага олиб кетаётганини кўриб, узоғини яқин қилиш ниятида тўхтадим. Она-бола мамнун бўлиб машинага ўтиргач, одатимга кўра кичкинтойга бирор егулик, ширинлик қидириб кўзим кечаги олмага тушди. У кўзни қувнатадиган даражада товланиб турарди. Афтидан ўғлим уни кеча машинада унутиб қолдирган.

Болакай олмани қўлига олар экан, қувонганидан совғани онасига кўз-кўз қилди. Кейин икковлон биргалашиб, менга раҳмат айтишди. Уларни манзилига етказиб, йўлимда давом этарканман, қаерда бўлса ҳам ризқ ўз эгасини топишига чин дилдан иқрор бўлдим.

Атиги битта олма бир неча қалбларни қадрдон ришта каби ўзаро боғлади. Дарҳақиқат, дунёни меҳр асрайди. Бугунги долғали замонамизга беғубор болалар нигоҳи билан назар ташласак, бундай туйғудан қалбимиз ором топади. Айёмингиз муборак бўлсин, юртдошлар!

Гулнора ЮНУСОВА,

журналист, Фарғона вилояти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер