Қашқадарёда пилла қабул қилиш бошланди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Ўтган йили Қашқадарё вилоятида 11200 нафар касаначи ҳамда 9800 та фермер хўжаликлари томонидан 42200 қути пилла парваришланиб, 2452 тонна пилла хом ашёси етиштирилган эди. Жорий йилда эса вилоятнинг пилла хирмонини 2622 тоннага етказиш режалаштирилган.
Шу мақсадда меҳнат қилаётган вилоят пиллакорлари хирмонга илк ҳосилларни тўкишни ҳам бошлаб юборишди.
Хусусан, Ғузор туманидаги «Қодиров Карим бобо» фермер хўжалиги аъзолари пилла етиштириш бўйича шартнома режасини вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди.
— Бу йил 3 қути пилла парваришладик, — дейди Ғузор туманидаги «Қодиров Карим бобо» фермер хўжалиги раиси Отаназар Қодиров. — Шартнома режамиз 215 килограмм эди. Шу кунга қадар 225 килограмм пилла хом ашёсини топширдик. Бу режани 102,5 фоизга ошириб бажарганимизни англатади.
Таъкидлаш жоиз, бу йилги баҳор пиллакорлар учун ҳам баракали келди. Боиси салқин ва серёғин ҳавода тут барглари яхши етилди, озуқа мўл. Ипак қуртининг ривожланиши ҳам яхши кечди. Шунга кўра, вилоятда барпо этиладиган пилла хирмони ҳам режадагидан баланд бўлиши кутилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг