Қашқадарёда нуронийлар танлови ўтказилди
Фото: Халқ сўзи
Қарши шаҳридаги Маънавият масканида “Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойилига мувофиқ, ҳар бир маҳалладаги ёшлар катта ҳаётий тажрибага эга ҳамда замонавий фикрлайдиган фаол нуронийларга бириктирилиши белгиланган эди. Шунга кўра, вилоятда мавжуд 814 та маҳалладаги нуронийлар ёшларга бириктирилиб, ўтган вақт давомида ушбу йўналишда изчил саъй-ҳаракатлар олиб борилди.
— “Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул” танлови нуронийларнинг маҳалла ёшлари билан амалга оширган ишларини кўрсатиб берадиган, улар ўртасида ўзаро тажриба алмашадиган бир майдон бўлди, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими бош мутахассиси Латиф Қамбаров. — Шу йилнинг июль ойида танловнинг туман ва шаҳар босқичлари юқори савияда ташкил этилиб, бугун ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган 16 нафар нуроний вилоят босқичи ғолиблиги учун баҳслашишди. Уларнинг ҳар бир шарт бўйича чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Якуний натижалар бўйича Қарши шаҳридаги Алишер Навоий маҳалласи фаоли Содиқ Исломов биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, яна бир қатор номинацияларда ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, уларга ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг