Қашқадарёда Меҳрибонлик уйларининг 10 нафар собиқ тарбияланувчисига янги уйлар калити топширилди
Фото: Халқ сўзи
Акмалжон Қамаши туманидаги Меҳрибонлик уйида улғайиб, мустақил ҳаётга қадам қўйди. Қўлида гулдай ҳунари борлиги учун ҳам турмуш қийинчиликларини енгиб ўтди. Қарши шаҳридаги ётоқхонада яшаб юрган кезларида Меҳрибонлик уйида тарбияланган Нигора Шаҳанова билан турмуш қурди. Янги оилада дунёга келган фарзанд – Сафия ёш ота-онанинг ҳаётга умид ва ишончини янада юксалтириб юборди...
Яқинда Қарши шаҳридаги ”IT PARK”да ўтказилган хайрия тадбирида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, Меҳрибонлик уйларининг 10 нафар собиқ тарбияланувчиси қаторида Акмалжон ва Нигорахон оиласига ҳам 2 хонали уй калити топширилди.
– Ўзимиз ота-она меҳридан бенасиб ўсганимиз учун ҳам фарзандимиз Сафияга бор меҳримизни беряпмиз,- дейди Акмалжон Мурхабилов. – Энг қувонарлиси, Президентимиз қарори билан бизга 2 хонали янги уй калити топширилди. Қувончимизни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Халқимизда ота-она ўз фарзандини уйли-жойли қилиш, турмушини изга солиб юбориш улуғ қадрият саналади. Давлатимиз ҳам бизга оталик қилиб, янги уй калитини топширган экан, бу ғамхўрликка жавобан энг намунли оила бўлиб Янги Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшамиз.
Тантанали маросимда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди.
Шу куни олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 100 нафар талабага 1 йиллик контракт пуллари ҳам тўлаб берилди.
Фахриддин Бозоров, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг