Қашқадарёда йил охирига қадар ичимлик сув таъминоти 60 фоизга етказилади
Фото: “Халқ сўзи”
2016 йилда Қашқадарё вилоятидаги 36 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлса, айни вақтда бу кўрсаткич 51,6 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилда қуриб битказилган ва яқин кунлар ичида ишга тушириладиган янги тизимлар эвазига йил сўнгига қадар ҳудуддаги қарийб 60 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик сувига эга бўлиши кутилмоқда.
Бу ҳақда “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖда ўтказилган матбуот анжуманида жамият директори Бекзод Шойимов маълум қилди.
— Сўнгги йилларда вилоятда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, шунингдек, хизмат сифатини яхшилаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда, — дейди у. — Хусусан, бугунги кунда вилоятда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда умумий кредит қиймати 184,5 миллион долларга тенг 3 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Биринчи лойиҳамиз Саудия тараққиёт жамғармаси ва ОПEК халқаро ривожланиш жамғармаси томонидан молиялаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳанинг амалга ошиши натижасида Косон ва Муборак туманларидаги 152 минг аҳоли марказлашган ичимлик суви билан таъминланади.
Иккинчи лойиҳамиз Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 60 миллион доллар маблағи ҳисобига амалга оширилмоқда. Бу лойиҳа доирасида Қарши шаҳридаги канализация тизими таъмирланиб, 90 километр янги тармоқлар тортилиши ва битта оқова сув тозалаш иншооти қурилиши назарда тутилган. Кейинги лойиҳамиз ҳам Шаҳрисабз ва Китоб туманларида оқова сув тизимини яхшилашга қаратилган. Бу лойиҳа доирасида ҳудудда 517 километр оқова сув тармоқлари тортилиб, иккита оқова сув тозалаш иншооти ҳамда 14 та оқова сув насос станциялари қурилиши назарда тутилган. Бундан ташқари барча туманларда ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Бекзод Шойимовнинг қўшимча қилишича, вилоятда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматларини тубдан яхшилаш учун аҳоли ҳам тўловларни ўз вақтида амалга ошириб бориши зарур. Бироқ ҳозирги кунда “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖнинг жисмоний ва юридик шахслардан дебидор қарздорлиги жуда катта. Биргина Қарши шаҳрининг ўзида бу миқдор 44 миллиард сўмдан кўпдир.
Матбуот анжуманида шунингдек,аҳолидан фойдаланилган ичимлик суви учун тўловларни ундириш, нореал қарздорликлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида ҳам кенг маълумот берилди.
Тадбир сўнгида ОАВ вакиллари Қарши шаҳридаги 3-баландликка сув узатиш насос станциясининг жорий йилда барпо этилган сув сақлаш резурвуари ҳамда диспетчерлик хонасида ўрнатилган замонавий автоматлаштирилган тизимнинг ишлаш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг