Қашқадарёда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши мумкин
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги делегация Хитойга ташрифи давомида “JAC Motors” компанияси фаолияти билан танишиб, ушбу компания ишлаб чиқараётган анъанавий ёки электромобилларни Қарши шаҳрида ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида музокаралар олиб борди. Ҳозирда вилоятда енгил автомобиль ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар кетмоқда, дейилади Қашқадарё вилоят матбуот хизмати хабарида.
Давлатимиз раҳбари томонларидан ҳам вилоят ҳокимлиги учун Қарши шаҳрида анъанавий ёки электрда ҳаракатланадиган автотранспорт воситаларини ишлаб чиқариш топшириғи берилган. Компания Хитой авто ишлаб чиқарувчилари орасида ўзига хос нуфузга эга. Компания автомобиллари жаҳоннинг 60 дан ортиқ давлатларида экспорт қилинмоқда.
Делегация компания раҳбарияти билан икки томонлама учрашувда мазкур инвестиция лойиҳаси келгусида вилоятнинг ташриф қоғози бўлишини таъкидлади. Компания раҳбарияти тез орада Қарши шаҳрига келиши кутилмоқда. Вилоятда энергия тежовчи, бошқаришга қулай ва ақлли машиналарни ишлаб чиқаришни жорий этиш бўйича музокаралар давом эттирилиб, ташриф давомида яна 2 та йирик авто ишлаб чиқарувчилар билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг