Қашқадарёда бу йил 180 га яқин ижтимоий объектлар муқобил энергия билан таъминланади
Фото: Халқ сўзи
2022 йилда Қашқадарё вилоятида 177 та объектда қуёш электр станцияси ҳамда 371 хўжалик субъектида қуёш сув иситиш ускуналари ўрнатилди. Натижада йилига 12 млн. 700 минг кВт соат электр энергияси ёки 5 млрд. 700 млн. сўм маблағ тежаш имконияти юзага келди.
Ўтган йили воҳадаги энг йирик илм маскани ҳисобланган Қарши давлат университетининг 2 та ўқув биносида 186 та қуёш пенели ўрнатилгани эвазига 50 фоиз энергия тежамкорлигига эришилмоқда. Университет ҳовлисидаги 21 та қуёш панелли кўча ёритиш чироқлари эса тунда ҳам худди кундузгидек ҳудудни чароғон этмоқда.
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ўқув биносида эса қуввати 30 КВт бўлган 54 та қуёш панелидан фойдаланилмоқда. Бундан ташқари олийгоҳнинг муқобил энергия манбалари илмий-инновацион полигонида қуввати 5 кВт бўлган 10 та қуёш панели ишлаб турибди. Натижада бир ой мобайнида 95 минг кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 48 млн. сўм иқтисод қилинди.
— Ўзбекистонда бир метр квадрат ер сиртига 1600 кВт соат қуёш иссиқлик нури тушади, — дейди институт проректори Ғулом Узоқов. — Агар шу иссиқликнинг фойдали иш коэффициенти 15 фоиздан кам бўлмаган қуёш панеллари орқали электр энергиясига айлантирилса, 1 метр квадрат қуёш панелидан 200-240 кВт соат электр энергияси олиш мумкин. Институтимизнинг асосий биносида яна қўшимча равишда 30 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, бу 100 млн. сўмдан ортиқ электр энергиясини тежашда қўл келади.
Вилоятда 2023 йилда 180 га яқин ижтимоий соҳа объектлари, 160 та хусусий тадбиркорлик субъекти ҳамда 80 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини қуёш электр станциялари билан ишлашга ўтказиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари вилоятнинг 5 та ҳудудида барпо этилётган «Янги Ўзбекистон» массивларида қуёш панеллари ҳамда сув иситиш ускуналари тизимини яратиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Фахриддин БОЗОРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг