Қашқадарёда 9 йил олдин содир этилган мудҳиш қотиллик фош этилди
Фото: Бош прокуратура
Бош прокуратура Қашқадарё вилоятида 9 йил муқаддам содир этилган қотиллик фош қилингани ҳақида хабар берди.
Аниқланишича, 24.01.2012 йилда Қашқадарё вилояти, Косон тумани, «Қорабўйин» маҳалласида яшаган Т.Ғ. ўзига тегишли «Nexia-2» русумли автомашинасида уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган.
Т.Ғ. бошқарувидаги автомашина Самарқанд шаҳар, «Маданият» маҳалласидаги кўп қаватли уйнинг орқа томонидан топилган ва ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратураси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Бедарак йўқолган Ғ.Т.нинг автомашинасини кўздан кечириш давомида, автомашинанинг турли жойларидан жами 14 дона бармоқ, кафт излари олинган.
Мазкур жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан вилоят ИИБ билан ҳамкорликда амалга оширилган кенг қамровли тадбирлар натижасида ўта оғир жиноят фош этилди.
Терговда аниқланишича, М.О., Т.А. ва Д.С. томонидан бедарак йўқолган Ғ.Т. қасддан ўлдирилиб, унинг жасадини Чироқчи тумани, «Шўрбозор» маҳалласи ҳудудида жойлашган захирадаги дала майдонида кўмиб, автомашинасини эса Самарқанд шаҳар, «Маданият» маҳалласи, «Нарпай» кўчасидаги кўп қаватли уйнинг орқа томонига ташлаб кетишганлиги аниқланган.
М.О., Т.А. ва Д.С.ларнинг содир этган жиноятлари уларнинг иқрорлик кўрсатувлари, жиноят содир этилган жойда аниқланган бармоқ излари, кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ва юзлаштириш тергов ҳаракатлари ҳамда бошқа далиллар мажмуи билан тўлиқ ўз исботини топган.
Ушбу жиноят иши юзасидан 3 нафар шахсларга ЖКнинг 97-моддаси билан айб эълон қилиниб, барчасига «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.
Жиноят иши юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг