Қашқадарёда 20 нафар ёшга янги уй калитлари топширилди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Ғуломжон Сатторов Деҳқонобод туманининг Жийдабулоқ қишлоғидан. Бундан 20 йил аввал бахтсиз ҳодиса сабаб ота-онаси ҳаётдан кўз юмганида, у ҳали бешикдаги чақалоқ, акаларининг эса кичиги икки, каттаси тўрт ёшда эди.
Чирқираган уч болани аммаси ва поччаси ўз қарамоғига олди. Албатта, яқинлари Ғуломжон ва акаларини ҳеч кимдан кам қилмай вояга етказишга ҳаракат қилишди. Шу билан бирга, Ҳукуматимиз томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам уларнинг ҳаётда ўз йўлларини топишда муҳим омил бўлмоқда.
Масалан, Ғуломжонни олайлик. У 2022 йили Президентимиз ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун ажратилган алоҳида имтиёз асосида Ўзбекистон Миллий университети ижтимоий фанлар факультетига давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилинди. Ҳозир университетнинг 3-босқич талабаси. Ётоқхонада бепул туради. Олаётган стипендияси барча харажатларини қопламоқда. Энди эса Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, мустақиллигимизнинг 33 йиллиги шодиёналари арафасида Ғуломжон Сатторовга Деҳқонобод тумани марказида янги қурилган кўп қаватли уйдан 2-хонали хонадон калити топширилди.
— Тўғрисини айтсам, энди фақат яхши ўқиш, яхши мутахассис бўлиб етишиш орқали бизни шу даражада қўллаб-қувватлаётган Ватаним тараққиёти учун хизмат қилишдан бошқа ташвишим қолмади, — дейди Ғуломжон Сатторов.
Шу куни Қашқадарё вилояти ҳокимлигида ўтказилган тантанали тадбирда Ғуломжон сингари яна 19 нафар етим ва ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган ёшлар янги хонадон калитларини қабул қилиб олишди.
— Президентимиз қарорига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга топширилаётган ушбу 20 та хонадоннинг 2 таси 3 хонали, 6 таси 2 хонали ҳамда 12 таси 1 хонали хонадонлар, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Қашқадарё вилояти бошқармаси бошлиғи Жамшид Раҳмонқулов. — 17 та хонадон шаҳар ва туман марказларида замонавий андозалар асосида бунёд этилган янги кўп қаватли уйлардан, учтаси эса иккиламчи бозор тамойиллари асосида харид қилиниб, яшаш барча шарт-шароит яратилган ҳолда топширилмоқда.
Маълумот ўрнида: 2021 йилдан буён Қашқадарё вилоятида 120 дан ортиқ етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган уйга муҳтож ёшларга янги уй-жойлар топширилган. Энди уларнинг сафи яна 20 тага кенгайди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг