Қашқадарё ва Андижон вилоятларида электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
Икки ҳудудда электрдан ноқонуний ва нооқилона фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар қилди.
Қайд этилишича, инспекциянинг Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Миришкор туманида «Ш. Н.» фермер хўжалигига қарашли сув чиқариш насосини ҳисоблагичдан ташқари тармоққа улаб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра электр таъминоти корхонасига 394,7 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Бошқа бир ҳолатда эса, Ўзенергоинспекция Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган назорат тадбирида Андижон шаҳрида жойлашган «Д.» МЧЖ реактив қувватни компенсация қилмасдан, электр энергиясидан самарасиз ва нооқилона фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Ушбу қоидабузарлик натижасида Ўзбекистон Республикасининг 940-сонли Қонунининг 45-моддаси бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, 62 миллион сўм миқдорида молиявий санкция қўлланилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг