Қаршилик соҳибкор оила 12 сотихлик иссиқхонадан 300 миллион сўм даромад олмоқда

16:55 01 Март 2024 Жамият
414 0

Фото: "Халқ сўзи"

Жаҳонгир Боймуродов/“Халқ сўзи”. Қарши шаҳрининг Отчопар маҳалласида яшовчи Бекназар Кичкинаев бундан бир неча йил аввал оиласига тегишли 12 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этганди.

Айни пайтда иссиқхона юмушларини ўғли ва келини, неваралари зиммасида. Шу вақтга қадар оила аъзолари “ёпиқ томорқа”да асосан помидор, бодринг, булғор қалампири ва бошқа кўкатларни етиштириб келишган бўлса, ўтган йили илк бор қулупнайчиликка қўл уришди.

— Ишни ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилиб кўрганимизда ҳам, қулупнайнинг рентабеллик даражаси юқори эканини англадик, — дейди хонадон келини Шаҳло Темирова. — Шундан сўнг бу ишга астойдил киришдик. Ўтган йилнинг сентябрь ойларида ушбу резаворнинг Жанубий Кореядан келтирилган “Солхянг” навини танлаб, иссиқхонамизга унинг 7 минг тўп кўчатини ўтқаздик.

Фото: "Халқ сўзи"

Шаҳло Темированинг айтишича, қулупнайнинг бу нави мевасининг катта ва чиройлилиги, хуштаъмлиги билан ажралиб туради. Бундан ташқари, етиштириш технологияси экология ва инсон саломатлигига зарар етказмайдиган усулларга асосланган.

— Қулупнайларимиз ноябрь ойидан ҳосил бера бошлади, — дейди Шаҳло Темирова. — Шундан буён шаҳримиздаги савдо шохобчаларига кунора 60 – 70 килограммдан маҳсулот етказиб беряпмиз. Айни пайтда бир килограмм қулупнайнинг ўртача баҳоси 120 минг атрофида. Бу кунора бозорга 8 миллион сўмдан ошиқ қийматдаги маҳсулот чиқараётганимизни англатади. Мавсум давомидаги умумий даромадимиз эса 300 миллиондан кам бўлмаслиги аниқ.

Иссиқхонада меҳнат қилиб, бу фаолиятдан яхши даромад олаётган оила аъзолари келгусида шу бизнесни янада ривожлантириш, қўшимча ер олиб янги иссиқхоналар барпо этиш, янада даромадли маҳсулотларни етиштиришни йўлга қўйиш ҳаракатида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер